Германия ГФР ва Эрон фуқароси Шамшид Шармаҳднинг қатл этилганига жавобан ўз ҳудудидаги Эроннинг барча бош консулхоналарини ёпади. Бу ҳақда Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок маълум қилди, дея хабар қилди Tagesschau.
Қайд этилишича, Эроннинг Франкфурт, Мюнхень ва Ҳамбургдаги консулхоналари ёпилади. Tagesschau хабарига кўра, консулхоналарнинг 32 нафар ходими, агар уларда Германия фуқаролиги бўлмаса, мамлакатни тарк этишлари лозим бўлади.
Эроннинг Берлиндаги элчихонаси эса ўз ишини давом эттиради.
Шармаҳд Германия ва Эрон фуқаролигига, АҚШда эса яшаш учун рухсатномага эга бўлган. Эрон расмийлари унинг қўлга олингани ҳақида 2020 йил августида эълон қилишган. У 2008 йил 12 апрелида Шероздаги масжидда содир бўлган портлашга алоқадорликда айбланган. Ўша портлашда 14 киши нобуд бўлган, 200 дан зиёд одам яраланган эди. 2023 йили Эрон Олий суди уни ўлим жазосига ҳукм қилган, 2024 йил 28 октябрида эса ҳукм ижро этилган.
Қатл ортидан Эрон элчиси Германия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган. У ерда германиялик дипломатлар Эрон режими хатти-ҳаракатларига қарши қатъий норозилик изҳор қилиб, бунинг оқибатлари бўлишидан огоҳлантиришган.
Шармаҳднинг АҚШда яшовчи қизи Берлин ва Вашингтонни “гаровдагиларни озод қилиш бўйича барча музокараларда” унинг отасини ташлаб қўйганликда айблаган. У яқинлари Шармаҳд билан хўшлашиш имконига эга бўлишлари учун отасининг жасадини АҚШга қайтаришни талаб қилган.