Грузия президенти прокуратурага боришдан бош тортди

Грузия президенти Саломе Зурабишвили Тбилисидаги норозилик митингида, 2024 йил 28 октябри

Грузия президенти Саломе Зурабишвили ўтган парламент сайловидаги муҳтамал сохталаштиришларга оид бўйича саволларга жавоб бериш учун таклиф қилинган прокуратурага боришдан бош тортди. Аввалроқ у сайловни нолегитим деб ҳисоблашини айтган, ундаги “Грузия орзуси” ҳукмрон партиясининг ғалабасини эса сохталаштирилган, дея баёнот берган эди.

Зурабишвили чоршанба кунги брифингда 31 октябрга белгиланган прокуратурадаги суҳбатга бормаслигини билдирди. У прокуратура қонунбузарликка оид далилларни давлат раҳбаридан талаб қилмай, ўзи қидириши лозимлигини қайд этди. У брифингни сайловни сохталаштириш технологиялари ҳақидаги видеони намойиш қилишдан бошлади.

Мен прокуратурага ўз ишини бошлашни ва президент билан сиёсий ҳисоб-китоб қилишдан қочишни маслаҳат берган бўлардим. Мен прокуратурага мурожаат қиляпман: сиз халқ олдида ҳисобдорсиз, жамоатчилик сиздан менинг далилларимни эмас, зудлик билан текширишга киришишни талаб қилмоқда”, дея иқтибос келтирган Зурабишвили сўзларидан Озодликнинг грузин хизмати.

Грузияда парламент сайлови 26 октябрь куни бўлиб ўтди. МСК маълумотига кўра, унда Россияга мойил кайфиятдаги “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси 54 фоиз овоз олган. Мухолифатдаги тўртта партия кўпи билан 10 фоиздан овоз олишган, қолганлари эса беш фоизли тўсиқдан ўта олмаган.

Мухолифатдаги сиёсатчилар сайлов натижалари “Грузия орзуси” фойдасига сохталаштирилганини билдиришиб, уларни тан олишдан бош тортишган. Президент Саломе Зурабишвили ҳам шу фикрда. У 28 октябрь куни Тбилисида 15 мингга яқин одам тўпланган норозилик митингида чиқиш қилган.

Мураккаб схемали сохталаштиришлар ҳақида бир неча фуқаровий ташкилотлар ҳам баёнот беришган. Грузия МСК расман мамлакат бош прокуратурасига мурожаат қилган ва бу борада тергов бошланган.