Россиянинг Омск вилоятидаги 7-сонли колония собиқ маҳкуми Зафар Илмурадов Gulagu.net ҳуқуқбонлик лойиҳасига қамоқхонадаги қийноқ фактларини яширин камераси бор қўл соатига ёзиб олиб, хотини орқали Россия Бош прокуратураси, Тергов қўмитаси ва Жазони ижро этиш федерал хизматига (ЖИЭФХ) юборганини, аммо шундан сўнг ўзи қийноққа гирифтор бўлганини сўзлаб берди.
Илмурадов ўзини Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг (ҳозирда – ДХХ) собиқ ходими деб таништирган. Айтишича, истеъфога чиқиб, Россияга келганида қамоққа тушган ва 2014 йилнинг ноябрида Омск колониясига “этап қилинган”.
“У ерда бизга жуда ёмон муомалада бўлишарди, ҳар куни ҳақорат ва хўрлик кўрардик”, дейди у колонияга энди келган маҳкумларга муносабатни эсларкан.
Илмурадовга кўра, янги келганларнинг барчаси карантинга олинган. Ҳар оқшом беш нафардан маҳкумни бинонинг учинчи қаватига – 12-отряд ва “фаоллар” бўлмасига юборишган. Ўша куни навбатчиликда бўлган хавфсизлик бўлими ходимлари ҳам “томошабин” бўлиб ўтиришган.
“Улар маҳкумларнинг калтакланишини, қип-яланғоч қилиб таҳқирланишини, хўрланишини, қўлларини скотч билан боғлаб, бошларига елимхалта кийдиришларини томоша қилиб ўтиришарди. Бизга: “Сизлар Омскда, 7-сонли ахлоқ тузатиш колониясидасиз. Маъмурият ходимлари ва биз нима десак, шуни қиласизлар”, деб айтишарди. Маҳкумларни ўзларига аёллар исмини қўйишга мажбур қилишарди”, дейди у.
Хўрликлардан шикоят қилган маҳкумлар бадтар қийноққа солинган: уларни дўппослаганлар ва, агар қаршилик кўрсатса, жинсий зўрлаганлар. Илмурадов бир маҳкум бошига елимхалта кийдирилиб, оёғи осмондан қилинган ҳолатда бир неча соат осиб қўйилганини эслайди.
Зафар Илмурадовнинг сўзларига кўра, у қамоқхона маъмуриятига илгари махсус хизмат ходими бўлганини айтиб, “фаоллар” билан бирга ишлашни илтимос қилиб, улардан розилик олган. Бир ойдан сўнг эса хотини унга ичига яширин камера ўрнатилган қўл соатини келтириб берган. Собиқ маҳкум буларнинг барини олдиндан тайёрлаб, Омскка кўчирилишидан аввал хотинига тайинлаганини айтади.
Илмурадовга кўра, 2015 йилда олинган кадрларда Омск колонияси ходимлари акс этган: улар маҳкумлар қийноққа солинган ва жинсий зўрланган пайтда ҳозир бўлганлар. Бу қайдларни Илмурадов, Бош прокуратура ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича вакилга етказиши учун хотинига топширган.
Аёл ёзувларни элтиб берган, аммо ушбу ваколатли идоралар колонияда тафтиш ўтказишмаган, фақат прокуратура ёзма сўров берган холос. Қамоқхона маъмурияти бу ҳақда хабар топгач, Илмурадовни 15 суткага жарима изоляторига қамаган. У ерда бўлган пайтда колония ходимлари ва прокурор келишиб, хотини ва болаларини ўлдириш билан таҳдид қилишган. Шундан сўнг электрошокер билан қийнагач, бошига елим қоп кийгизишиб, терс ҳолатда осиб қўйишган.
Орадан бир қанча вақт ўтгач, колониянинг атиги бир ходими устидан жиноят иши қўзғатилган. Илмурадов билан интервью эълон қилинганидан сўнг ЖИЭФХ вилоят бошқармаси мазкур фактлар бўйича 2016 йилда РФ Жиноят кодексининг 285-моддасига (“Хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш”) кўра жиноят иши очилганини маълум қилди. Колония ходими озодликдан маҳрум этиш жазосини олгани айтилмоқда, бироқ жазо муддати очиқланган эмас.
Зафар Илмурадов озодликка чиққанидан сўнг уни ФХХ (ФСБ) ходимлари қўлга олишиб, ёнига наркотик модда ташлаб қўйиш билан таҳдид қилишганини, шу боис колонияда олинган тасвирларнинг бир қисмини уларга беришга мажбур бўлганини сўзлаб берди.
Омскдаги 7-сонли колонияда маҳкумлар қийноққа солиниши ҳақида аввалроқ собиқ маҳкум Михаил Мазин сўзлаб берган эди. Унинг айтишича, маъмурият билан ҳамкорлик қилувчи маҳкумлар янги келганларни калтаклаб, агар ноқонуний талабларини бажаришмаса, уларни “обиженнийлар” тоифасига кўчириш билан таҳдид қилишган. Кейинроқ бу маълумотни 7-сонли қамоқхонада бўлган бошқа бир маҳкум тасдиқлади.
Омскдаги колониянинг яна бир собиқ маҳкуми Наил Якупов ҳуқуқ ҳимоячилари билан суҳбатда у ерда маҳкумлар кишанланган ҳолатда осиб қўйилиши, ҳаммомга бораётганда якка ички иштонда кўчага чиқишга мажбурланиши, уларга ҳожатхонага киришга рухсат берилмаслиги ва ҳадеб ўтириб-туришга мажбур этилиши ҳақида гапириб берган. Бундан ташқари, маҳкумлар яширин цехларда ишлатилган.