Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов 28 сентябрь куни ўтказган селектор йиғилишида фақат пахта режасини бажарган фермерларгагина шолисини ўришга рухсат берилишини билдирди.
Селекторда қатнашган фермерларнинг айтишича, ҳоким буйруғи ортидан маҳаллий раҳбарлар участка нозирлари билан бирга далама-дала юриб, шоли ўраётган комбайнларни МТП (машина-трактор парки)лар олиб бориб қамаб қўймоқда.
Вилоят ҳокимлиги мулозими Озодлик билан гаплашишдан бош тортди.
Янгибозор тумани ҳокими комбайнларни “қамоқ”қа олиш ҳақида топшириқ бўлмаганини айтди.
Исми очиқланмаслигини сўраган шовотлик фермерлардан бири ўзи бевосита қатнашган селектор йиғилишида пишиб етилган шолини ўришга шахсан вилоят ҳокими тақиқ қўйганини билдирди.
28 август куни ўтказилган селектор йиғилишида эса ҳоким Фарҳод Эрманов пахта планини бажармасанг биттанг ҳам шолини ўрмайсан, деди
“Вилоят ҳокими баҳорда шолини эктирмай ҳаммани сарсон қилган эди. Фермерлар Бош вазирга шикоят қилганидан кейин рухсат берган эди. 28 сентябрь куни ўтказилган селектор йиғилишида ҳоким Фарҳод Эрманов пахта планини бажармасанг¸ биттанг ҳам шолини ўрмайсан, деди. Шоли ўраётган комбайнларни қамашни буюрди. Пахта экмаган томорқачилар ҳам шолисини ўролмай турибди. Етилган шоли вақтида ўриб олинмаса, ёмғирга қолиб кетади, ҳосил тўкилиб, нобуд бўлади”.
Айни йиғилишда қатнашган янгибозорлик фермер вилоят ҳокимининг оғзаки топшириғи эртаси кундан амалга оша бошлаганини тасдиқлади.
“29 сентябрь куни бизнинг тумандаги Уйғур қишлоқ деган жойда бир фермер шолисига комбайн солган эди¸ милиция ходимлари бориб ўримни тўхтатди, комбайнни эса МТПга олиб келиб қамаб қўйди. Ҳозир далага чиққан ҳар битта комбайнни қамашга буйруқ берган. Пахта терими энди бошланди, бу ҳали камида икки ой давом этади. У пайтгача қору ёмғир ёғса шолидан ҳеч нарса қолмайди. Деҳқонга эркинлик берсин, пахтамизни ҳам терайлик, шолимизни ҳам ўрайлик. Биз шоли деб, пахтани ташлаб қўйганимиз йўқку, пахтани ҳам ўзимиз экканмизку, ўзимизнинг меҳнатку”.
Хоразм вилояти ҳокими қабулхонаси мулозими Озодликдан қўнғироқ бўлаётганини билганидан сўнг, ўзини эшитмаган солиб, алоқани узиб қўйди ва у билан қайта боғланиш имкони бўлмади.
Янгибозор тумани ҳокими Ўктам Машарипов фермерлар иддаосини инкор қилар экан, ҳали шоли пишмаганини айтди:
“Менда ундай информация йўқ. Бу йил шолиларимиз сал кечкироқ, ўзи ҳали пишгани йўқ. Агар шундай ҳолат бўлган бўлса, сизга мурожаат қилган фермер менинг олдимга келсин ёки телефон қилсин. Телефоним 24 соат ишлайди. Мен ҳеч кимга ундай топшириқ берган эмасман, вилоят ҳокимидан ҳам бундай топшириқ бўлгани йўқ”.
Ўзбекистон ички бозорини гуруч билан таъминлайдиган шолининг асосий қисми Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистонда етиштирилади.
Шовотлик фермернинг айтишича, шоли пахтачилик билан шуғулланаётган фермерларни молиявий қўллаб турувчи экиндир.
"Бизнинг зах ва шўр ерларимизда пахта унчалик яхши бўлмайди. Бунга жуда кўп меҳнат ва харажат кетади. Масалан, бу йил бир гектар ерни 500 минг сўмдан бир миллион сўмгача ягана қилдириб, чоптирдик. Банкдан зўрға оладиган иш ҳақимиз эса бунга урпоқ ҳам бўлмайди. Шолидан оладиган даромадимизни деярли ҳаммасини пахтага сарфлаймиз. Шолиси бор одам пахта эка олмади, бўлмаса йўқ. Шу пахтанинг ўрнига ҳамма ерга шартнома асосида шоли эктирса¸ давлат ҳам деҳқон ҳам катта фойда кўрган бўларди".
Хоразмда шоли пишганда, комбайнларни "қамоқ"қа олиш тадбири бу йил биринчи марта кузатилаëтгани йўқ.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Бош вазири бўлган пайтда ҳам фермерларнинг шолисини тортиб олиш ҳолатлари кўп содир бўлган.
Жумладан, 2015 йили Қорақалпоғистонда давлатдан қарздор бўлиб қолган фермер хўжаликларига қарашли ерлардаги шоли ҳосилини гаровга олиш ҳукуматнинг “Ойболта” амалиёти доирасида амалга оширилган эди.
2018 йил октябрь ойида Шовот туманида шоли ўраётган комбайнларнинг ички ишлар ходимлари томонидан "арест" қилингани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.
Жорий йил май ойида эса хоразмлик фермерлар ҳоким буйруғи билан туман прокурори ўзларидан шоли экмаслик ҳақида мажбурий тилхат ёздириб олаëтганини билдирган эди.