Беларусда сўнгги кунларда 50 чоғли одам ижтимоий тармоқлардаги изоҳларида давлат хизматчисини ҳақорат қилиш ва адоват уйғотиш айбловлари билан ҳибсга олинган. Бу ҳақда Беларуснинг “Весна-96” ҳуқуқбонлар гуруҳи маълум қилди.
“Весна” ташкилоти ва Озодлик радиосининг беларус хизмати қўлга олинганларнинг исмларини ва уларнинг қариндошлари берган гувоҳлик кўрсатувларини эълон қилган.
Ҳибслар Беларусдаги IT-ширкатлардан бирининг ходими бўлган 31 ёшли Андрей Зельцер ҳамда Беларусь Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) зобити ҳалок бўлгани айтилаётган отишма видеоёзувига доир ижтимоий тармоқлардаги изоҳлар билан боғлиқ.
Видеоёзув 28 сентябрь куни ёйинланган. Ўшанда Беларусь ҳуқуқ-тартибот идоралари воқеа бўйича ўз талқинини илгари сурган, яъни Зельцер, кучишлатар ходимлар унинг Минскдаги уйида терроризмга алоқадор одамлар яширинган деган шубҳа билан эшигини бузиб киришганида уларга ўқ узганини иддао қилишган.
Беларусдаги қатор шарҳловчилар видеонинг ҳақиқийлигига шубҳа қилиб, уни “кўзбўямачилик” деб ҳисобламоқда. Айни пайтда Беларусь мухолифатининг таниқли вакиллари видеони реал воқеа сифатида изоҳлаганлар. Хусусан, муҳожирликда юрган президентликка собиқ номзод Валерий Цепкало юз берган воқеада Лукашенко режимини айблаган, Зельцернинг хатти-ҳаракатларини эса қораламаган ва “у ўз мисолида қандай курашиш кераклигини кўрсатган”ини айтган. Бу сўзлари учун Беларусда Цепкалога қарши яна бир жиноят иши очилган.