Аср охиригача глобал ҳарорат шу пайтгача айтилганчалик кўтарилмаслиги мумкин

Олимлар глобал ҳарорат кўтарилса, Антарктида музликлари эриб кетишидан хавотирда.

Чоршанба куни Nature журналида чоп этилган илмий мақолада ёзилишича, глобал ўртача ҳарорат 2100 йилгача 4-5 даражага кўтарилиши эҳтимолдан холидир.

Агар бу ҳисоб-китоб тўғри бўлса, БМТнинг глобал ҳарорат ўсиши бўйича энг ёмон башоратлари хато бўлиши мумкин.

Ҳисобот муаллифларининг ёзишича, иссиқхона газларининг аср якунигача сайёрадаги ўртача ҳароратга таъсири янгидан ҳисоблаб кўрилганда, натижа аввалгидан икки баробарга оз чиққан.

Олимлар атмосферадаги карбонат ангидрид миқдори икки баробарга ошса, ўртача ҳарорат неча даражага кўтарилишини аниқлашга уриниб келади. БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро комиссияси сўнгги 25 йил ичида бу кўрсаткич 1,5-4,5 даражани ташкил қилиши мумкинлигини тахмин қилиб келади.

Аммо юқорида тилга олинган изланиш муаллифларидан бири, Эксетер университети профессори Питер Кокс янги методология ёрдамида ҳарорат 2,2-3,4 даражагагина кўтарилиши мумкинлиги аниқланганини билдирди. Кокс етакчилигидаги олимларнинг ҳисобларига кўра, ўртача температура 2,8 даражага кўтарилиши мумкин.

Агар бу янги ҳисоблар тўғри бўлса, бундан олдин қилинган даҳшатли башоратлар эҳтимолдан холидир.

Изланишда иштирок этмаган бир беча мутахассис унинг методологияси устувор, натижалари эса ишонарли эканлигини билдиришди.

Аммо янги изланиш натижалари иқлим ўзгаришига қарши курашдан воз кечиш кераклигини англатмайди.

Дунёнинг 174 давлати тарафидан 2016 йилда имзоланган иқлим бўйича Париж битими унга қўшилган барча давлатлар зиммасига атмосферага заҳарли газларни камроқ чиқариш масъулиятини юклайди. Битим келажакда глобал ўртача ҳароратни 2 даражадан оширмасликка, иложи бўлса уни 1,5 даража исишигагина йўл қўйишга чорлайди. Аммо 1,5 даража ўзгариш ҳам салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.