Ҳавони тозалайдиган «Смогюткич»да тўпланадиган кирдан узук ясалади

Киев кўчаларидан бирида 2016 йили олинган бу суратда тутун ҳам, туман ҳам эмас, балки смогдир.

Нидерландиялик дизайнер Даан Русгард 2015 йилда ясаган баландлиги 7 метрли мослама​ - «Смогсиз минора» (смог - инглизча smoke - тутун ва fog - туман сўзлари омухтаси) булғанган ҳаводан кирни сўриб олиб, уни тозалайди ва олти тарафидаги тешиклардан қайта чиқаради.

Минора бир соат ичида 30 минг куб метр ҳавони тозалай олади. Бунинг учун сарфланган энергия эса, сув иситувчи қозон сарфлаган энергиядан кўп эмас.

Русгарднинг Studio Roosegaard ширкати мосламага дунёнинг «илк смогюткичи» деб ном берган.

Kickstarterда бошланган лойиҳа уч йилда ўз натижасни берди. Русгард 2015 йилнинг сентябрида янги мосламани Роттердамда намойиш қилди.

2016 йил эса Русгард Хитойнинг Атроф-муҳитни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда мослама билан мамлакатнинг тўрт шаҳри бўйлаб тур уюштирди.

Лойиҳа муаллифи мослама маҳаллий ечим ўлароқ паркларда ўрнатиш учун мўлжалланганини айтди.

Минора тўплаган чанг моддаларини заргарлик буюмларида ишлатиш мумкин бўлган углерод кубларига айлантириш мумкин. Русгарднинг айтишича, узук ёки бошқа буюмларда ишлатиш мумкин бўлган ҳар бир куб 1000 м3 ҳавога мос келади.