Испанияда тошқин қурбонлари сони 158 нафарга етди

Испанияда тошқин оқибатида ҳалок бўлганлар сони 158 нафарга етди, дея хабар қилди El País нашри расмийлар маълумотига таянган ҳолда.

Мамлакат жанубидаги Валенсия вилоятида 155 киши, Кастилия-Ла-Манча ва Андалусияда бир нафардан киши ҳалок бўлган, яна бир киши қаерда ўлганига аниқлик киритилмаган.

Валенсия шаҳри яқинидаги 25 минг киши яшовчи Пайпортада 40 нафар турғун ҳалок бўлган. Расмийлар табиий офатдан жабр кўрган ҳудудлар аҳолисига уйларини тарк этмасликни тавсия қилган.

Қутқарув амалиёти давом этмоқда, қатор шаҳарларда, тезкор хизматлар маълумотига кўра, ҳали ҳам сув сатҳи баланд. Жойларда мародёрлик ҳолатлари кузатилмоқда, прокуратура гумонланувчиларни ҳибсга олишни сўраган. Автомобиллар ҳаракати учун 150 дан зиёд йўл ёпилган.

Испанияда дарёлар тошишига 29 октябрь куни мамлакатга ёпирилган “Дана” тўфони сабаб бўлган. Маҳаллий фаоллар расмийларни вазиятни изга сололмаётганликда айблашмоқда. Жамоат ташкилотлари ва касаба уюшмалари 9 ноябрь куни Валенсияда норозилик акцияси ўтказишмоқчи. Ташкилотчилар иддаосига кўра, минтақа расмийлари тўфон билан курашни ўта кеч бошлашган, бу эса қурбонлар сони бу қадар кўп бўлишининг сабабларидан биридир.

Валенсия вилоятининг Алфафар шаҳарчаси мэри Хуан Рамон минтақа расмийлари ҳам, марказий ҳокимият ҳам шаҳарчага сезиларли ёрдам бермаётганини, шу сабабли маҳаллий турғунларнинг бир қисми уйларида қурбонларнинг жасадлари билан бирга тунашга мажбур бўлаётганини билдирган.

Табиий офат оқибатларини бартараф этишга миллий гвардия ва ҳарбийлар жалб қилинган. Испанияда уч кунлик мотам эълон қилинган. Испания қироли Филипп VI Х ижтимоий тармоғида тўфон қурбонлари яқинларига таъзия изҳор этиб, тошқин кўламидан даҳшатга тушганини билдирган.