Испаниядаги тошқинда 90 дан зиёд одам ҳалок бўлди

Испания жанубий-шарқидаги Валенсия вилоятида юзага келган тошқин натижасида, сўнгги маълумотларга кўра, камида 95 киши ҳалок бўлган. Тошқинга 29 октябрь куни тинимсиз қуйган жала сабаб бўлган.

Ижтимоий тармоқларда минтақа турғунлари сув оқимидан қочиб, дарахтларга чиқиб жон сақлашга уринаётгани акс этган видеолар ҳамда ўт ўчирувчилар сув остида қолган автомобиллардан одамларни чиқариб олишга уринаётган кадрлар пайдо бўлган.

Валенсия вилояти раҳбари Карлос Масон матбуот анжуманида сув босган айрим ҳудудларга ҳали етиб боришга муваффақ бўлинмаганини билдирган. Ўнлаб одам бедарак кетгани айтилмоқда.

Қутқарув ишларига фавқулодда вазиятлар бўйича ҳарбий бўлинма жалб этилган. Тошқиндан энг кўп жабр кўрган ҳудудларда мактаблар ва асосий хизматлар фаолияти тўхтатилган, шунингдек, Мадрид билан Барселона ўртасидаги поезд қатнови бекор қилинган.

Валенсияда сўнгги йирик тошқин 2023 йил сентябрида содир бўлган эди: ўшанда Испанияда табиий офат натижасида камида уч киши ҳалок бўлган.

Олимларга кўра, минтақада экстремал об-ҳаво ҳодисаларининг тез-тез содир бўлишига иқлим ўзгариши сабаб бўлган. Метеорологлар фикрича, Ўртаер денгизида ҳароратнинг кўтарилиши сувнинг тез буғланишига олиб келмоқда, бу эса ёғингарчилик интенсивлигига сезиларли таъсир кўрсатяпти, деб ёзган Reuters агентлиги.