ЖССТ: “Омикрон” штаммини юқтирганлар орасида ўлим қайд этилганича йўқ

Иллюстратив сурат

Дунёда коронавируснинг янги “Омикрон” штамми юқиши ҳали бирон ҳолатда инсон ўлимига сабаб бўлмаган. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълум қилди.

Аввалроқ ЖССТ эксперти Мария ван Керкҳове CBS телеканалига берган интервьюсида ҳозирча “Омикрон” штаммига чалингарларда касаллик бирмунча енгил кечаётганини айтган. Бироқ тиббиётчи ва олимлар янги штамм тарқалиши энди бошланганини айтиб, жамоатчиликни огоҳликка чақиришмоқда.

ЖССТнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятлар дастури директори Майкл Райанга кўра, “Омикрон” нақадар юқумлилиги ва қанчалик оғир асоратларга олиб келиши мумкинлигини аниқлаш учун уни яна бир неча ҳафта ўрганиш керак бўлади.

Айни пайтда янги штамм 30 дан ортиқ мамлакатда қайд этилган. Европа касалликлар профилактикаси ва назорати маркази келгуси ойлардан эътиборан қитъада коронавирус юқтирган беморларнинг тахминан ярмини айнан “Омикрон” штаммига чалинганлар ташкил этишини башорат қилмоқда.

Кўплаб мамлакатларда вирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида турли чекловлар жорий этилган.

“Омикрон” штамми ноябрь ойи бошида Африка жанубида аниқланган. ЖССТ маълумотига кўра, вируснинг ушбу варианти мутациялари сони аввал аниқланган барча штаммларникидан кўп – 32 та. Бу ўзгаришлар “Омикрон”нинг юқумлилигини ва инсон ҳужайраларига кириб олиш имкониятларини оширади.