Қутқарувчилар 25 ноябрь куни содир бўлган портлаш натижасида “Листвяжная” шахтасида ҳалок бўлган 18 кишининг жасадини топишган. Бу ҳақда “Интерфакс” агентлиги Россиянинг Кемерово вилояти бўйича фавқулодда вазиятлар бошқармасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
“Ҳалок бўлган 18 кишининг жойи аниқланди, улардан 10 нафари транспортировкага тайёрлаб қўйилди. Метан концентрацияси ошиб кетгани туфайли қутқарувчилар шахтадан чиқишга мажбур бўлишган, шунинг учун ҳам ҳалок бўлганларни транспортировка қилиш иши ҳозирча тўхтатилди”, дейишган ФВБ вакиллари.
Шу пайтгача 29 кишининг жасади топилган, улардан 11 таси юзага олиб чиқилган.
“Листвяжная” шахтасида портлаш ўтган пайшанба куни содир бўлганди. Ўшанда кончилар ва қутқарувчилар дохил 51 киши нобуд бўлган. Авария чоғида яна 92 киши жароҳатланган.
Дастлабки тахминларга кўра, кончилар ва қутқарувчилар метан гази портлаш натижасида ҳалок бўлганлар. Аварияда жабрланганларнинг яқинлари иддаосига кўра, сўнгги йилларда “Листвяжная” шахтасида ўнлаб қонунбузарликлар аниқланган, бироқ корхона раҳбарияти уларни бартараф қилмай, кончиларни ҳаёт учун хавфли шароитда ишлашга мажбур қилишган.
Кемерово суди “Листвяжная” шахтасида содир бўлган портлаш ортидан беш нафар гумонланувчини ҳибсга олишга ордер берган. Улар орасида шахта директори, унинг ўринбосари ва участка бошлиғи бор.