Александр Лукашенко 30 ноябрь куни берган интервьюсида Қрим “ҳуқуқий жиҳатдан” ва “феълан” Россия ҳудуди эканини айтиб, яриморолга сафар қилиш ҳақида Путин билан келишиб олганини билдирди. Халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ, Қрим 2014 йилда Россия томонидан аннексия қилинган.
Дунёдаги кўплаб мамакатлар ҳукуматлари Беларуснинг легитим президенти сифатида тан олмаган Лукашенкога кўра, “референдум ўтказилганидан сўнг Қрим де-юре ва де-факто Россияники бўлган”. Лукашенконинг бу мулоҳазасига расмий тус бериладими, йўқми – бунга ҳали аниқлик киритилгани йўқ.
2021 йил августида Лукашенко “сўнгги рус олигархи” Қримга маҳсулот етказа бошласагина, яриморолни Россия ери деб тан олишини айтган. Россия федерал ширкатлари Ғарб мамлакатлари санкцияларидан чўчиб, ҳануз Қримда расман фаолият олиб бормаяпти.
Ундан аввалроқ эса Беларусь раҳбари аннексия қилинган Қримни Россия ҳудуди ўлароқ тан олишдан уни санкциялар хавфи ҳамда Украинанинг собиқ президенти Пётр Порошенко билан келишув тўхтатиб қолганини маълум қилган.
Украинанинг янги президенти Владимир Зеленский Беларусда ўтказилган президент сайлови натижаларини тан олишдан бош тортиб, Киев Ғарбнинг Минскка қарши қўлланган санкцияларига қўшилгач, икки мамлакат алоқалари кескин ёмонлашган.
Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба “Укринформ” нашрига берган изоҳида Киев Лукашенконинг сўзларини эмас, “хатти-ҳаракатларини баҳолайди”, деб айтган. “Агар Беларусь ноқонуний оккупация қилинган Қримни ростдан ҳам Россия ҳудуди деб тан олса, бу украин-беларус муносабатларига ўнгланмайдиган даражада путур етказади”, деган ТИВ раҳбари.
Қримни БМТнинг 193 аъзосидан атиги еттитаси Россия ери сифатида тан олган, булар Венесуэла, Куба, Никарагуа, Сурия, Судан, КХДР ва Афғонистон каби мамлакатлардир.