Беларуснинг авторитар раҳбари Александр Лукашенко ўз мамлакатида “ҳокимият трансфери” бўлмаслигини билдирди. Бу баёнотни у 2 март куни Минскда Россия президенти Владимир Путин билан февраль ойида Сочида ўтказилган музокаралар ҳақида сўзлай туриб берди.
“Беларусда ҳеч қанақа трансфер бўлиши мумкин эмас… Ҳаммаси Конституция ва қонунга кўра бўлади”, деган А. Лукашенко.
Унинг айтишича, Беларусда янги Конституция кейинги йилнинг январь-февраль ойларида қабул қилинади.
“Ҳокимият трансфери деганлари бор-йўғи шу”, деган Лукашенко.
Беларусда ўтган йил 9 августида президент сайловидан кейин оммавий норозилик чиқишлари бошланган. МСК мазкур сайлов натижаларига кўра, Александр Лукашенкони ғолиб деб эълон қилган. Айни пайтда унинг асосий рақиби бўлган мухолифат вакиласи Светлана Тихановская президент сайловида ўзи ғалаба қозонганини билдирган.
Сайловдан кейинги намойишларда минглаб одам тутиб кетилган, аксилҳукумат акцияларида қўлга олинганлар ҳибсхоналарда қийноққа дучор қилингани ва калтакланганига оид кўплаб ҳужжатлар мавжуд.
Лукашенко ғалаба қозонгани айтилган сайлов натижаларини тан олмаган Европа Иттифоқи тинч намойишчилар, мухолифат ва оммавий ахборот воситалари вакилларига қарши қатағон уюштирган Минск расмийларига нисбатан босқичма-босқич санкциялар жорий этиб келмоқда.
Тихановская ЕИни Лукашенко режимига қарши кескинроқ позицияда туришга чақирган.