Ўзбекистон Миллий гвардиясининг вилоятлардаги ходимлари пахта теримига мажбуран олиб кетилмоқда.
Озодлик олган хабарларга кўра, Самарқанд вилояти Миллий гвардия ходимларига 4 октябрдан бошлаб пахта теримига сафарбарлик эълон қилинган.
Сурхондарё вилояти Миллий гвардия ходимларининг айтишларича, улар 5 октябрь куни поездда Жиззах вилоятига олиб кетилади.
Ўзбекистон Миллий гвардияси қўмондонлиги бу ҳолатдан хабари йўқлигини айтмоқда.
Ўзбекистон Миллий гвардиясининг Самарқанд вилояти қўриқлаш хизмати ходимлари 4 октябр куни Жиззах вилоятига пахта теримига жўнаб кетди.
Бу ҳақда ишдан ҳайдалишидан чўчиб исми сир қолишини сўраган Миллий гвардия ходимларидан бири Озодликка хабар қилди ва гапининг исботи сифатида бир неча сурат тақдим этди:
Орган ходимлари ортидан пахта теримига чиқиш Миллий гвардияга ҳам етиб келди.
“Ички ишлар вазирлигига қарашли малака ошириш курсларида ўқиётган орган ходимлари ортидан пахта теримига чиқиш Миллий гвардияга ҳам етиб келди. Самарқанд вилояти туманларидаги бўлимларда 4 октябр куни эрталаб ҳаммани йиғилишга чақирган ва пахтага сафарбарлик эълон қилинган. Шу куни Миллий гвардия ходимлари фуқаролик кийимида Жиззах вилоятининг Дўстлик туманига пахта тергани жўнаб кетишди”
Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида яшайдиган, исми сир қолишини сўраган маҳалла оқсоқолларидан бири Миллий гвардия ходимларининг пахта теришга олиб келинганини тасдиқлади.
Озодлик олган маълумотга кўра, 4 август куни Сурхондарё вилояти Миллий гвардия ходимларига ҳам пахтага сафарбарлик эълон қилинган. Бу ҳақда исми сир қолишини сўраган ходимлардан бири Озодликка хабар қилди:
Бизнинг замначальник ҳам 20 кишининг рўйхатини берди
“Вилоятдаги ҳар бир тумандан 20 нафардан ходим пахтага бориши айтилди. Бизнинг замначальник ҳам 20 кишининг рўйхатини берди. 5 октябрь куни поездда Жиззах вилоятига олиб кетишади экан. Ҳозир шунга тайёргарлик кўряпмиз. Телефонларимиз олиб қўйилиши мумкин, балки бошқа хабар ёзолмасман”.
5 октябрь куни бу ходимнинг телефони ўчирилгани боис, Озодлик у билан боғлана олмади.
Ўзбекистон Миллий гвардияси қўмондонлигининг ўзини таништирмаган мулозими, ходимларнинг пахта теримига олиб чиқилганига ҳеч қандай изоҳ беролмаслигини айтди ва матбуот хизмати билан боғланишни маслаҳат берди.
Миллий гвардиянинг матбуот хизмати эса қўнғироқларга жавоб бермади.
Озодлик 30 сентябрь куни Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан бир-биридан мустақил ҳолда келган хабар¸ сурат ва видеоларга таяниб юзлаб ИИВ ходимининг ўз асосий ишини қўйиб¸ пахтакорликка мажбурланаëтгани ҳақида хабар берган эди.
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги хизмати тизимидаги 2100 киши мажбурий равишда Жиззах вилоятига пахта теримига юборилган эди.