Москва Украинада жанг қилаётганларни ишдан бўшатишни тақиқламоқчи

Россия ҳукумати Украинада жанг қилаётган фуқароларни ишдан бўшатишни тўлиқ тақиқлашни режаламоқда. Мамлакат Меҳнат кодексига бунга оид тегишли ўзгартишлар киритилиши ҳақида бош вазир Михаил Мишустин маълум қилган.

Агар ҳукумат томонидан таклиф қилинаётган қонун лойиҳаси қабул қилинса, иш берувчилар Мудофаа вазирлиги шартномасига қўл қўйган уруш қатнашчилари билан тузилган шартномани уларнинг бутун хизмати даврида тўхтатиб туришга мажбур бўлади. Ҳозирда ходимни армиядаги хизматидан бир йил кейин ишдан бўшатиш мумкин.

Ҳукумат матбуот хизмати мазкур қонун лойиҳаси Россия Давлат думасига яқин орада киритилишини қўшимча қилган. Ўз навбатида, Мишустин ҳужжат қабул қилинишига шубҳа қилмаслигини билдирган.

Россия расмийлари Украинада шартнома асосида жанг қилаётган кишиларнинг аниқ сонини очиқлаган эмас. Владимир Путин фронтга кетган ҳарбийларнинг умумий сони 600 минг киши эканини айтган.