Москвада Навальнийни дастаклаш акциясига чиққан намойишчи 5 йилга қамалди

Навальнийни дастаклаш мақсадида ўтган йилнинг 23 январида Москвада ўтказилган норозилик акциясидан лавҳа

Москванинг Тверь туман суди 2021 йил 23 январида ўтказилган норозилик акцияси иштирокчиси Вячеслав Игумновни беш йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Судланувчи безорилик ва полициячига қарши зўравонликка оид моддалар бўйича айбдор деб топилган.

Тергов талқинига кўра, Игумнов мухолифатчи Алексей Навальнийни дастаклаш мақсадида Москвада ўтказилган норозилик тадбири чоғида полиция ходимлари томонига ёнаётган файёр улоқтирган. Ҳодиса чоғида полициячилардан ҳеч бири жабрланган эмас. Судланувчи қўйилган айбловни тан олган.

Прокуратура суддан Игумновни саккиз йилга қамашни сўраган.

Ўтган йилнинг 23 ва 31 январь кунлари Россиянинг Москва дохил ўнлаб шаҳрида мухолифатчи Алексей Навальнийнинг ҳибсга олинганига қарши рухсат этилмаган кўча намойишлари бўлиб ўтган эди. Мазкур акциялар чоғида полиция умумий ҳисобда 10 мингга яқин одамни қўлга олган.

Норозилик акциялари ортидан Тергов қўмитаси 100 дан зиёд жиноят иши қўзғатган. Намойишларда иштирок этган ўнлаб киши ҳозир ҳибсхонада сақланмоқда, норозилардан айримлари эса судланиб, қамоқхоналарга йўлланган.