Бундан роппа-роса бир йил муқаддам – 2021 йилнинг 17 январь куни россиялик мухолифатчи Алексей Навальний “Новичок” жанговар кимёвий моддаси билан заҳарланганидан сўнг узоқ вақт Германияда даволаниб, Москвага қайтган эди.
Навальний тушган учоқ Шереметьево аэропортига мажбуран қўндирилган, сиёсатчи эса чегара назоратидан ўтар-ўтмас ҳибсга олинган. Мухолифатчи ўшандан бери тутқунликда: дастлаб ҳибсда сақланган бўлса, кейинроқ 2014 йилги жиноят иши (бу ишни Европа суди ғайриҳуқуқий деб топган) доирасида колонияга йўлланган.
Навальнийнинг қамоққа олиниши Россиянинг кўплаб шаҳарларида норозилик чиқишларига сабаб бўлган. Ҳукумат расмий рухсатсиз намойишлардан Навальний тарафдорларини оммавий қатағон қилиш йўлида фойдаланган. 23 ва 31 январдаги митингларда ўн мингдан зиёд киши ҳибсга олиниб, 100 дан зиёд жиноят иши очилган. Мухолифатчини дастаклаган ўнлаб одам ҳануз қамоқда қолмоқда.
Ўтган бир йил давомида сиёсатчининг штаблари ва у ташкил қилган Коррупцияга қарши кураш фонди “экстремистик ташкилотлар” деб топилган. Бу ташкилотларнинг ўнлаб аъзоси ё қамоқда, ё хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлган. Навальнийнинг ўзига қарши яна бир неча жиноят иши очилган.
Ғарб мамлакатлари Навальний таъқиб этилишига жавобан Россияга жиддий санкциялар қўллаш билан таҳдид қилишган, лекин пировардида мухолифатчининг заҳарланишида гумондорлар ўлароқ кўрилаётган бир неча жисмоний шахс ва ташкилотга нисбатан санкциялар жорий этиш билан кифояланишган.
Навальний, The Insider ва Bellingcat томонидан бир неча ОАВ билан ҳамкорликда олиб борилган суриштирув натижаларига ва Россия ФСБ ходими деб ишонилган Константин Кудрявцев маълумотларига таяниб, ўзининг заҳарланишида президент Владимир Путинни айблаб чиққан. Кремль бу айбловни рад этиб келади.
Навальний қамалишига бир йил тўлиши арафасида АҚШ Конгрессининг Хельсинки гуруҳи вакиллари баёнот эълон қилишган. Унда айтилишича, “агар Путин Навальний тимсолида ўз ҳокимиятига жиддий хавф кўрмаганида уни қаматмаган бўлур эди. Навальний ва унинг жамоаси Путин ва ҳамтовоқларининг ноқонуний бойликларини фош этишда муҳим рол ўйнаган. Шунинг ўзи улар нега таъқиб этилаётганини тушуниш учун етарлидир”.
Американинг CNN телеканали ва HBO Max стриминг хизмати “Навальний” номли ҳужжатли фильмни анонс қилган. “Оғу доим из қолдиради” слоганли мазкур фильм “ўз ватанида ислоҳотлар ўтказиш учун ҳамма нарсасидан кечишга тайёр жасур ва зиддиятли шахс”га бағишлангани айтилмоқда.