Мухолифатчи Алексей Навальнийнинг сафдоши Ирина Фатьянова Россиядан чиқиб кетди. Бу ҳақда у ўзининг “Фейсбук”даги саҳифасида маълум қилган. Фаол қайдича, унинг мамлакатни тарк этганига бир ҳафта бўлган. Фатьянова буни ҳаётидаги энг оғир қарор деб атаган.
Навальнийнинг Петербургдаги штаби собиқ раҳбарига кўра, сўнгги йил давомида у дастлаб жаримага тортилишга, ҳибсда ўтиришга, сўроқ ва тинтувларга, кейин эса 5 йилгача қамалишга ўзини руҳан тайёрлаган.
Аммо Навальнийнинг Уфадаги штаби собиқ раҳбари Лилия Чанишева “экстремистик ҳамжамият” ташкил қилиш айблови билан қамоққа олинганидан сўнг у “кетиш керак”лигини тушунган.
Сиёсий фаол қачон қайтишини билмаслигини айтган. У қайси мамлакатга кетганини ҳам очиқламаган.
Жорий йилнинг 9 июнида Москва суди Навальний тузган Коррупцияга қарши кураш фонди, Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фонди ва “Навальний штаблари”ни прокуратура томонидан киритилган даъво асосида экстремистик ташкилотлар деб топган, уларнинг фаолиятини тақиқлаган ва пировардида бу ташкилотлар тугатилган.