“Ўзбекконцерт” санъаткорларни огоҳлантирди

Иллюстратив сурат

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси мамлакатдан ташқарида огоҳлантиришсиз концерт ўтказадиган санъаткорларнинг лицензияси муддатидан олдин тўхтатилишини маълум қилди.

Бунга “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги қонун асос сифатида кўрсатилган. Мазкур қонуннинг 21-моддасига кўра, “Ўзбекконцерт” ДМ Ўзбекистондан ташқарида концерт-томоша тадбирларини амалга ошириш тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиниши керак. Бу талабга риоя қилмаслик лицензия талабларини қўпол равишда бузиш деб малакаланади.

Бугунги кунда ушбу талабларга риоя қилмай хорижда концерт дастурларини режалаштириб ўтказаётган хонандалар йўқ эмас”, деб ҳисоблайди “Ўзбекконцерт”.

Жорий йил 20 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг оммавий тадбир ўтказиш учун рухсат олиш тартибига ўзгартиришлар киритишга доир қарори лойиҳасини муҳокама учун эълон қилинганди. Ушбу ҳужжат билан “Ўзбекконцерт” ДМга концерт-кўнгилочар тадбирларнинг “аниқ сценарийсини батафсил тақдим этиш” талаби ҳам жорий этилмоқда.

“Ўзбекконцерт” сўнгги йилларда мамлакатда фаолияти энг кўп танқид қилинадиган ташкилотлардан бирига айланган. Бунга ташкилотнинг санъаткорлар фаолияти устидан ўта қаттиқ назорат ўрнатгани сабаб бўлган. Ташкилот гоҳида ижод эркинлигига ҳам дахл этиши иддао қилинади.