Ўзгидромет ўтган беш кун ичида Тошкентда ҳаво сифати яхшиланганини иддао қилди

Икки ҳафта муқаддам кузатилган қумли бўрон чоғида Тошкентда чанг миқдори меъёрдан 30 баробаргача ошгани билдирилган эди

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида 11 ноябрдан 16 ноябргача ҳаво сифати яхшиланиб, атмосферада муаллақ чангли зарралар концентрацияси ўртача суткалик аҳамиятлилиги 1,3 дан 0,3 РЭМгача пасайган. Бу ҳақда Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази маълумот тарқатди.

“Пасайиш ўз ўзини табиий тозалаш жараёнлари (зарраларнинг гравитацион чўкиши) ва метеорологик шароитлар (бўлиб ўтган ёғинлар), шунингдек, суғориш ва чангланган барг чиқиндиларини олиб ташлаш орқали тозалаш ишлари билан боғлиқ бўлди”, дейилган Ўзгидромет хабарномасида.

Марказ иддаосича, Тошкент шаҳри ҳавосида ерусти чангининг камайиши тенденцияси давом этяпти, бунга башорат қилинган ёғингарчилик ёрдам беради.

Жорий йилнинг 4 ноябрь куни Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида шиддатли чанг бўрони кузатилган, ўша оқшом пойтахтда соат 21:00 ва 23:00 орасида чанг миқдори меъёрдан 30 баробаргача ошгани хабар қилинган эди.