Швейцариянинг Женева шаҳрида 21 январь куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров учрашуви ўтказилади. Бу ҳақда қатор агентликлар Оқ уйнинг юқори мартабали, аммо исми очиқланмаган мулозимига таянган ҳолда хабар қилишган.
Мазкур учрашув ўтказилиши ҳақида илгари айтилган эмас. АҚШ маъмурияти вакилига кўра, Блинкен Украина теварагидаги кескинлик мумкин қадар тезроқ юмшатилишига эришмоқчи. Унинг айтишича, Россия Украинага қарши тажовузга ҳозирлик кўрмаётганини кўрсатиш учун ҳали-ҳануз ҳеч нарса қилгани йўқ, балки ҳамиша бунинг аксини қилган. Натижада Вашингтон Россия “исталган вақтда” Украина ҳудудига кенг кўламда бостириб кириши мумкин, деб ҳисобламоқда.
Тажовуз “исталган вақтда” бўлиши мумкинлигини Вашингтондаги брифингда Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки ҳам қайд этган. У АҚШ ва иттифоқчиларининг Россияга жавоби турли шаклда бўлиши мумкинлиги, хусусан, уни SWIFT банк тизимидан узиб қўйиш масаласи ҳам кўрилаётганини урғулаган. Аввалроқ немис матбуоти Ғарб айни чорадан воз кечгани ҳақида ёзган.
Россия ТИВ “Интерфакс” агентлигига берган изоҳида Женевада учрашув ўтказиш масаласи “ўрганилаётгани”ни билдирган.
Аввалроқ Блинкен 18 январь куни Лавров билан телефон орқали сўзлашгани очиқланган. Давлат департаменти хабарномасига мувофиқ, Блинкен Украина теварагидаги кескинликни бартараф этишда дипломатиянинг муҳимлигини таъкидлаган.
19 январь куни АҚШ давлат котиби Киевга ташриф буюриши кутилмоқда. Давлат департаменти қайдича, Энтони Блинкен у ерда Украина раҳбариятидан ташқари, АҚШ элчихонаси ходимлари билан ҳам учрашиб, вазият кескинлашган тақдирда Вашингтон қандай йўл тутишни режалагани ҳақида уларга сўзлаб беради.
Блинкен Киевдан Берлин шаҳрига ўтиб, Россиянинг Украинага таҳдидига қарши муҳтамал жавоб чоралари хусусида Германия, Франция ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари билан фикр алмашади.