Андижон шаҳрининг Бектош Раҳимов маҳалласида яшайдиган 33 яшар Бекзодбек Юнусов 10 май куни уйининг омборхонасида осилган ҳолда топилган.
Марҳум яқинларининг иддао қилишича, Бекзодбек Юнусов 4 май куни тушдан кейин шаҳар ИИБ бўлими ходимлари томонидан ноқонуний дори сотишда гумонланиб ушлангандан сўнг қийноққа солиниб, ундан синглисининг ноқонуний дори савдоси билан шуғулланиши ҳақида кўрсатма олинган.
5 май куни соат 02.00да Бекзодбек Юнусов уйга қўйиб юборилган ва унинг танасида жароҳатлар борлигини айтган яқинлари сўзларига кўра, Бекзодбек бу ҳақда ҳеч нарса демаган ва у 5 май куни эрталаб омборхонага чиқиб ўзини осган.
Бекзодбек Юнусовнинг осилган жасади орадан беш кун ўтганидан сўнг, 10 май куни топилган.
Андижон шаҳар ИИБ Бекзодбек Юнусовнинг осилган ҳолда топилганини тасдиқлади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Андижон шаҳрининг Бектош Раҳимов маҳалласида истиқомат қилган, 33 яшар уста Бекзодбек Юнусовнинг жасади 10 май куни омборхонада осилган ҳолда топилди.
Бекзодбек Юнусов 5 май куни уйидан сирли равишда ғойиб бўлган ва яқинлари уни беш кун қидирган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Бекзодбекнинг укаси Жавлонбек Юнусовнинг Озодликка айтишича, 4 май куни акасини ноқонуний дори савдосида гумонлаб ушлаб кетишган:
- Акам ўша куни кечаси соат 2 да келди. Ака, нима бўлди десам, йиғлади. Милисалар мени роса уришди, синглингга қарши кўрсатма берасан, ўша таблеткани синглимдан олганман дейсан, деб мажбур қилишди. Бўлмаса дубинкани орқангга тиқамиз, дейишди. Мажбур бўлиб ёзиб бердим. Бунақа, бунақа дейсан деб гапиртириб, видеога олишди. Синглимга қарши ёзиб берганимга қийналиб кетяпман. Эртага яна соат 9га чақиртиришган, юрагим безиллаб турибди, деб йиғлади.
Бекзодбек Юнусовнинг синглиси Наврўзанинг иддао қилишича, акасининг баданида жароҳат изларини кўрган:
- Кечаси келганда ранглари оқариб кетган, лаблари қонталаш бўлиб шишиб кетган эди. Нима бўлди ака, деб лабини очиб кўрсам, ичкаридан ёрилиб кетган экан. Юзлари шишиб кетган эди. Келинг расмга олиб интернетга чиқариб юборай десам, “йўқ, йўқ, улар кейин мени ёмон қилишади, деб рухсат бермади”
Жавлонбекнинг айтишича, марҳум акасининг синган оёғи доим оғриб тургани учун у оғриқ қолдирувчи дори ичиб юрган:
- Акам уста, қурилишда ишлаганида оёғи синган. Кейин операция қилишиб, оёғининг ичига темир қўйишган. Доим оёғи оғриб юрарди. Оғриқни қолдириш учун ўшанақа таблеткалардан ичиб юрарди. Ўша куни майли, кириб дамингизни олинг энди, деб чиқиб кетдик. Эрталаб эса жойидан тополмадик.
Бекзодбекнинг яна бир синглиси Шаҳзоданинг айтишича, акаси йўқ бўлиб қолгани ҳақида милицияга қилган аризаси инобатга олинмаган:
- Бормаган, қидирмаган жойимиз қолмади. Милицияга айтдик, улар ўзларинг айбдорсан, деди. Қидирув эълон қилмади. Акам, “мендан рози бўлинглар, мени кечиринглар” деб ёзиб кетган экан.Шуни ҳам кўрсатдик. Барибир, ариза қабул қилишмади. Ҳовли атрофидаги уйларнинг кладовкалари бир ерда жойлашган, ҳеч кимнинг хаёлига келмабди. Орадан беш кун ўтгандан кейин, қўшнилар кладовкаларингдан сасиган бир нарсани ҳиди чиқяпти, деб қолишди. Бориб кўрсак акам осилиб ётибди”.
10 май куни Бекзодбек Юнусовнинг жасади суд-тиббий экспертизаси қилиш учун олиб кетилган ва кейин яқинларига қайтариб берилган. Марҳум 11 май куни дафн этилди.
Бекзодбек Юнусовнинг уч яшар қизи ва бир яшар ўғли етим қолган.
Озодликда Бекзодбек Юнусовнинг ички ишлар органи ходимлари томонидан калтакланганига оид аниқ фактлар йўқ.
Андижон шаҳар ички ишлар бўлимининг Озодлик гаплашган мулозими, Бекзодбек Юнусовнинг жасади осилган ҳолда топилганини тасдиқлади, аммо телефон орқали бундан ортиқ маълумот бера олмаслигини айтди.
Андижон шаҳар прокуратурасига Озодлик қилган қўнғироқлар эса жавобсиз қолди.