Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Брюсселда Европа Иттифоқи ўртамчилигида “муҳим музокараларни ўтказди”, деб билдирди Европа кенгаши раиси Шарль Мишель.
Унга кўра, уч соат давом этган музокара 15 декабрь куни эрта тонгда якунланган. Томонлар икки давлат ўртасидаги кескинликни юмшатиш ва дипломатик алоқаларни ривожлантириш масаласини муҳокама қилди.
Алиев ва Пашинян кескинликни юмшатиш учун “сезиларли чора-тадбирларни амалга ошириш” зарур эканини эътироф этдилар, дейилади Европа кенгаши билдирувида. Жумладан, томонлар Совет Иттифоқи давридаги чегараларни делимитация ва демаркация қилиш учун ижобий муҳитни яратиш шартлигини таъкидлаганлар.
Шарль Мишелнинг айтишича, Арманистон ва Озарбайжон икки давлат ўртасидаги алоқа инфраструктурасини потенциал даражада қайта тиклаш, жумладан, чегара ва божхона назоратини амалга оширган ҳолда темирйўл қатновини йўлга қўйишга келишиб олган.
Озарбайжон билан Арманистон ўртасидаги муносабатлар ўтган йили Тоғли Қорабоғ атрофида бўлиб ўтган тўқнашувдан кейин таранглигича қолмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги олти ҳафталик уруш камида 6 минг 900 кишининг умрига зомин бўлган.
Тоғли Қорабоғ халқаро миқёсда Озарбайжон ҳудуди ўлароқ тан олинган. Аммо минтақа 1990 йиллар бошидан 2020 йилнинг ноябрь ойигача этник арман қўшинлари бошқарувида эди.