Ўзбекистон пойтахтида ўрнатилган саноқли банкомат ишга тушганидан бир неча ой ўтиб-ўтмай ишдан чиқа бошлади. Озодликка мурожаат қилган пойтахтликлар¸ хусусан¸ Миробод бозорида ўрнатилган банкоматнинг ҳафтасига икки-уч кун ишлаб, қолган кунлари улар устига “техник сабабга кўра банкомат ишламайди” деган ёзув осиғлиқ туришини билдирди. Озодлик боғланган "Қишлоқ қурилиш банки" мулозими Тошкентдаги айрим банкоматларнинг ишдан чиқишига ҳавонинг совиши сабабчи бўлганини айтди.
Пойтахтнинг Миробод туманидаги деҳқон бозорида сотувчилик қиладиган Лазиза Озодлик билан суҳбатда ишга туширилган пайти қаршисида юзлаб одам навбатга тизилган банкомат икки ой ўтиб яроқсиз темир қутига айланганини айтади:
- Олдинига шу банкомат олди очередь эди. Ҳозир деярли ҳар куни “по техническийм причинам не работает” деб ёзиб қўйилган. Бу темир қутичанинг боридан йўғи яхши, - дейди Лазиза.
Озодликка маълум бўлишича¸ пойтахтнинг халқ орасида "Кадишева" деб аталувчи Авиасозлар бозори¸ шунингдек Қўйлиқ бозорида ўрнатилган банкоматларда ҳам шу аҳвол.
- Номига турибди. Бир қарасангиз банкомат қаршисида одамлар, бошқа куни ҳеч ким йўқ, ишламайди, - дейди Кадишева бозоридаги банкоматдан нақд пул ечиб олгани борган тошкентлик Бунёдбек.
Миробод бозоридаги банкоматни “Қишлоқ қурилиш банк”и, Авиасозлар бозоридаги банкоматни Миллий банк ва Қўйлиқ бозоридагисини Халқ банки шу йилнинг август ойида ўрнатган эди.
Деҳқон бозори ҳудудларида ўрнатилган банкоматлардан бир кунда битта пластик картадан жами 100 минг сўмгача бўлган нақд пул ечиб олиниши мумкинлиги билдирилган эди.
Маҳаллий матбуотда воқеа сифатида ëритилганидан кўп вақт ўтмай¸ уларнинг сурункали ишламаëтгани сабабини изоҳлаган “Қишлоқ қурилиш банк”и ходими¸ Озодлик мухбирига банкоматлар ҳавонинг совиши ортидан ишдан чиқа бошлаганини билдирди:
- Миробод бозоридаги банкоматимиз совуқ ҳавода бузилган, чунки бино ичкариси учун мўлжалланган банкомат экан у, лекин очиқ жойда ўрнатишган. Ўтган ҳафталарда совуқ тушиши билан банкоматнинг диспенсери (пул берувчи ускунаси) ишдан чиққан. Ҳозир ҳаво исиди, ишлаяпти, - деди банк мулозими.
Ҳаво ҳарорати +10 дан тушиб-тушмай шикаст еган банкоматларнинг қишда ишлаш-ишламаслигига тушунтириш берган банк мулозими "ҳозир бу ҳақда ўйлаяпмиз, балки банкоматни қишда ичкарига оламиз ёки совуқдан ҳимоялаш учун устини бирон нарса ёпамиз", - дея жавоб қилди.
Сентябрь охири ва октябрь ойи бошида Тошкентда ҳаво ҳароратининг тунда +8 даражагача пастлагани ва тоғли ҳудудларда қор ёққани хабар қилинган эди.
Тижорат банкларидан бирининг банкоматлар бўйича мутасаддиси Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонга олиб келинган банкоматларнинг аксари тропик мамлакатлар ёки фақат бинолар ичкарисига ўрнатиш учун мўлжалланган ускуналар эканини айтади.
"Совуқда ишлайдиган банкоматлар ҳам бўлади. Уларнинг ичида маълум ҳароратни таъминлаб берувчи¸ иситувчи ускуна бўлади. Бизга олиб келинганларида шу ускуна йўқ. Афтидан¸ банклар шу жиҳатга эътибор беришмаган, арзонини олиб қўя қолишган. Ичкари учун мўлжалланган банкоматлар +10 даражадан паст совуқда ишламай қолиши табиий, - дейди банк мулозими.
Айни пайтда¸ Озодликка шикоят қилган пойтахтликлар айрим банкоматларнинг ҳаво совишидан олдин ҳам ишламаганига гувоҳ бўлишганини айтишди:
- Бир қарасангиз пули тугаб қолган бўлади, бир қарасангиз очеред. Олдин ҳам шундай ишламай қолган ҳолатлар бўлган, шунча миллион одам яшайдиган Тошкетга тўртта банкомат ўрнатса бузилади-да, - дейди тошкентлик Бунёдбек.
“Халқ банки” мулозими бундай эътирозларни асоссиз деб атади ва ўз банки томонидан ўрнатилган банкоматларнинг муаммосиз ишлаётганини билдирди:
- Қўйлиқда, Юнусободда ва Олой бозорида банкоматларимиз бор, ҳаммаси ишлаяпти. Ҳозирча ҳеч қанақа муаммо йўқ. Ҳар куни ўртача 30 миллион сўм пул қўйилади, одамлар келиб нақд пул олишаяпти, - деди "Халқ банки" мулозими.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ичида энг сўнггилари қаторида шу йил бошидан пойтахт Тошкентда банкоматларни ўрнатишга киришди.
2017 йилнинг 12 октябрига келиб¸ норасмий ҳисоб-китобга кўра¸ 5-6 миллиондан ортиқ аҳоли яшовчи Тошкентнинг фақат 10 жойида банкомат бор¸ холос.
Дастлаб Тошкентда уч банкомат Олой, Юнусобод ва Қўйлиқ бозорларига ўрнатилди.
Август ойида “Аския”, Бўзбозор, “Авиасозлар”, “Қорақамиш”, Сергели деҳқон бозорларида ҳамда “Чилонзор” ва “Ўрикзор” савдо мажмуаларида биттадан банкомат ишга туширилди.
Ўзбекистон Марказий банки йил охиригача Тошкент шаҳрида мингта банкомат ўрнатилишини билдирган эди.