Ўзбекистондаги gazeta.uz нашри мухбири 30 яшар Никита Макаренконинг айни нашрда 23 август куни чоп қилинган "Тошкентни маънавият барбод қиладими" деган мақоласи ЎзА ахборот агентлиги ва ЎзМТРК телеканалларида танқид қилинди¸ муаллифининг ўзига эса, “шовинист” ва “халқ душмани” ëрлиқлари ëпиштирилди.
«Ўзбекистон» телеканалида 26 август оқшомида эфирга узатилган «Муносабат» кўрсатувида чиқиш қилган Тошкент Давлат Техника университетида ҳуқуқшуносликдан дарс берадиган ўқитувчи Анжелика Абдуллаева Никита Макаренкони “Халқ душмани” деб атади:
- Бу халқ душмани бу. Керак бўлса¸ шу одамни бу ëққа чақириш керак эди, деди Абдуллаева.
Бошловчининг “сиз шу мақолани ўқиганмисиз, деган саволига ҳуқуқшунос ўқитувчи “- Мен мақолани ўқимадим”, дея жавоб берди.
Айни кўрсатувда қатнашган блогер Нозим Сафаров бу ўқитувчини журналистни ҳақорат қилганликда айблади.
Озодлик билан суҳбатда Нозим Сафаров Анжелика Абдуллаевани тоқатсизликда айблади ва у “журналист Никита Макаренкодан узр сўраши” кераклигини урғулади:
- Опа, негадир, Макаренконинг шахсиятига ўтиб, уни жонли эфирда бутун ўзбекистонликлар олдида халқ душмани, деб атади. Агар ТВда кўрган бўлсангиз мен ва депутат Расул Кушербаев бу опага эътироз билдирдик. Мен у опага мақолани ўқидингизми десам йўқ, лекин биламан деб жавоб берди. Бу тоқатсизликнинг олий кўриниши бўлди. Бундай холат на маънавият¸ на этика ва на одамгарчиликка тўғри келмайди. Абдуллаева кечирим сўрасин.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Журналист Никита Макаренко Озодлик билан 27 август кунги суҳбатда "бу жоҳил аëлнинг савиясиз айбловига эътибор бермагани ва унинг кечиримига мухтож эмаслигини" айтди:
- Ўта савиясиз бу ëрлиққа¸ яъни мени халқ душмани деб айтишлариyb эътиборсиз қолдиришни маъқул деб биламан. Булар ҳали ҳам Совет давридан қолган тоталитар зеҳният қуллигидан озод бўлмаганига ачинаман, холос. Тошкент зерикарли шаҳар деб ëзган гапимни кўпчилик маъқуллаганига эътибор қаратишни маъқул кўраман. Тошкент жуда зерикарли шаҳар. Буни рад қилиш имконсиз. Ишонмасангиз, жаҳоннинг ҳар қандай ривожланган шаҳри билан таққослаб кўринг.
Никита Макаренкоднинг яна айтишича¸ Тошкент доимо ҳам зерикарли шаҳар бўлмаган:
- Тўқсонинчи йиллар бошида Тошкент турли ғоялар ва қизиқарли шахслар шахри эди. Эркинлик бор эди. Одамлар кечалари оммавий сайрга чиқарди, тунги ҳаёт ва бирмунча эркинлик бор эди. Аммо Каримов давридаги мулозимлар бу шаҳарни қўрқув гирдобидаги ҳудудга айлантиришди. Бугунги Тошкентни Олмаота ёки Боку билан солиштирсангиз тушуниб оласиз фарқини:
Муаллифнинг 23 август кунги мақоласида “Маънавият, бу — ёлғон концепция, адашиш. Чунки у барча инсонларда бир хил қадрият ва эҳтиёж бўлишини талаб қилади. Универсал қадриятлар бўлмайди. Энг муваффақиятли ва барқарор жамият, бу — хилма-хиллик, оз сонли гуруҳлар ҳам ўзини эркин ҳис этишидир. Моножамият эса — тарихий берк кўчадир.”¸ дея ëзган эди.
Бу гапга қарши¸ ЎзА “Тунги ҳаёт ниқобида «оммавий маданият»ни тарғиб қилманг!”¸” Энг осон иш – маслаҳат бериш”¸ “Лоф ҳам эви билан-да, биродар!”¸ “Жаноб, Фарғонага бир келинг!” деган бир нечта мақола кетма-кет чоп қилинди.
Расмий орган ЎзА Никита Макаренкони "тирноқ орасидан кир" қидиришда¸ “Бугунги кун ижобий ўзгаришларни кўриб туриб кўрмасликка ва ундан фақат камчилик қидириш” да айблайди.
Озодлик билан суҳбатда журналист Никита Макаренко бу ҳуружларнинг буюртма эканлигини айтган ҳолда¸ давлат ëки бошқа органлардан тазйиқ бўлмаганлигини таъкидлади:
- Илгаригидек олдин газетада уриб¸ кейин милиция олиб кетадиган замон эмас. Улар ëзишди менга қарши¸ лекин бунинг ортидан ҳуқуқ- тартибот органлари келиб мени сўраб-суриштиргани йўқ. Мен Тошкентда туғилдим бу шаҳарни севаман. Бу менинг шаҳрим. “Маънавият” ҳақидаги турли тўқима гаплар билан шаҳар ҳаëтини муракаблаштирманг!