Россия "Ўзавтосаноатга" Петербургда автомобил йиғишни таклиф этди (ВИДЕО)

Россия-Ўзбекистон Бизнес-форуми, 03.10.2017, Тошкент. (Россия Саноат ва савдо вазирлиги фотосурати)

Россия ҳукумати Ўзбекистоннинг “Ўзавтосаноат” ширкатига мамлакат ҳудудида автомобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни таклиф қилди. Хусусан, Россия Саноат ва савдо вазирлиги Санкт-Петербург шаҳри ҳудудида General Motors заводини ишга тушириш таклифини илгари сурди.

Россия Ўзбекистон автомобил саноати ишлаб чиқарувчиларига Россия ҳудудида, жумладан Санкт-Петербургда, General Motors-га қарашли автомобилларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш таклифи билан чиқди.

Бу хабарни Россия Саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати Озодликка тасдиқлади.

- Кеча Денис Мантуров (Россия Саноат ва савдо вазири-таҳр.) бошлиқ делегация Ўзбекистонда бўлиб қайтди. Учрашув давомида, жумладан, “ГАЗ”, “КАМАЗ” ва “УАЗ” гуруҳлари ҳамкорлигида ҳам Ўзбекистонда, ҳам Россияда ишлаб чиқариш жараёнини локаллаштириш режалари кўриб чиқилмоқда. Энг аввало, гап “GM Ўзбекистон” автомобиллари ишлаб чиқарилиши ҳақида бораяпти. Шунингдек, ўзбек ҳамкорларимиз билан Россияда “Ўзавтосаноат” автоконцерни автомобилларини йиғишни йўлга қўйиш масаласи кўрилмоқда. Бирқанча музокаралардан кейин Россия тарафи томонидан “General Motors” учун ишлаб чиқариш майдончасини Санкт-Петербург шаҳрига кўчириш таклифи берилди, деди ташкилот расмийси Залина Корнилова.

Матбуот хизмати берган маълумотга биноан, “ГАЗ” автоконцерни ўз автомобилларини, жумладан микроавтобусларни, Самарқанд автомобил заводида ёки Ўзбекистон ҳукумати таклиф этажак ишлаб чиқариш майдончасига кўчиришга қизиқиш билдирмоқда.

“КАМАЗ” акционерлик жамияти раҳбариятини эса КАМАЗ автомашиналарининг йирик эҳтиёт қисмларини, техник бирикмалари ва шасси элементларини “Ўзавтотрейлер” ширкати ҳудудида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши мумкинлиги ҳам айтилди.

Бунинг ҳаммаси куни кеча Ўзбекистондаги Россия-Ўзбекистон бизнес-форумида иштирок этиб қайтган Россия Саноат ва савдо вазири Денис Мантуров бошлиқ делегация ўртасидаги келишувлар натижаси экани маълум қилинди.

(Россия Саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати томонидан тақдим этилди)

3 октябр куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов, Бош вазир ўринбосари Нодир Отажонов, Ташқи савдо алоқалари вазири Элёр Ғаниев, Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси раҳбари Улуғбек Розуқулов ва Ўзбекистон Мудофаа вазири Абдусалом Азизов билан учрашган рус вазири Денис Мантуров россиялик бизнесменларнинг Ўзбекистонга қизиқиши ошиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

- Шунга қарамасдан, Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий ҳамкорлари қаторида Россия ўтган йилда биринчи ўринга қайтди. Ўзаро савдо ҳажми ошаётгани кузатилмоқда. Бу ўсиш қоғозда қолиб кетмаслиги ва сўниб қолмаслиги учун уни ўзаро фойдали лойиҳалар орқали кучайтириш зарур, деди Денис Мантуров Тошкентда сўзлаган нутқида.

Россия ҳукумати расмийси икки давлат ўртасидаги бу келишувлар Ўзбекистонда очилган валюта конвертацияси жараёни бошлангани туфайли амалга ошаётганини ҳам қўшима қилди.

Айтилишича, Бош вазир Абдула Орипов билан учрашув чоғида у Ўзбекистон томонидан жорий қилинган 70 фоизли акциз солиғи россиялик автомобил ишлаб чиқарувчиларга жиддий қийинчиликлар туғдираётганини билдирган.

Вазир Денис Мантуровнинг Бош вазир ўринбосари Нодир Отажонов билан учрашуви

General Motors заводи олдин Россияда ҳам мавжуд бўлган: 2008 йилда автоконцерн Санкт-Петербургда машина ишлаб чиқаришдан воз кечган эди.

Минпромторг раҳбари Денис Мантуров Россия фармацевтика соҳасида ҳамкорликни кучайтиришни таклиф этди.

Нодир Отажонов ва Элёр Ғаниев билан музокаралардан Россия ҳукумати Ўзбекистонга қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги тракторларини ишлаб чиқариш ва бошқа техника учун эҳтиёт қисмларни етказиб беришни йўлга қўйиш борасида келишиб олганини маълум қилди. Россия саноатчилари Ўзбекистон Республикасида нефт-газ, энергетика соҳасидаги машинасозлик ишлаб чиқаришини бошлаш, иссиқлик электрстанцияларини қуриш ва такомиллаштиришга оид лойиҳаларни таклиф этди.

Ўзбекистон Мудофаа вазири Абдусалом Азизов билан учрашув давомида Денис Мантуров Ўзбекистон Қуролли Кучларини техник жиҳатдан қайта таъминлаш ва замонавийлаштириш устида сўзлагани, Ички ишлар вазирлиги ва мамлакат Миллий Гвардиясига зарур бўлган маҳсулотларни етказиб беришни муҳокама қилгани эълон қилинди.

Таъкидлаш жойизки, ўтган икки ҳафта давомида бу Россия ишчи делегациясининг учинчи ташрифидир. Ўтган ҳафтада Тошкентда Татаристон президенти Рустам Минниханов, кейин Россия Қишлоқ хўжалиги вазири Александр Ткачёв бўлиб қайтганди.

Расмий ҳисоб-китобларга кўра, 2016 йилда Ўзбекистондан бўлган импорт 58,9 фоизга асосан енгил саноат товарлари, пахта, ипак, газлама ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳисобига ўсган.