Пушкиннинг хотинбозлиги учун “Келинчак”ка гап тегди

Ўзбекистон Республикаси матбуот ва ахборот агентлиги 4 август куни мамлакатдаги бир қатор оммавий ахборот воситаларига огоҳлантирув эълон қилди.

Бир қатор газета ва журналлар, теле ва радиостанциялар “фаолиятидаги қатор камчилик ва қонунбузилиш ҳолатлари” “очиб ташланган” огоҳлантирув оммавий ахборот воситаларини назорат қилиш ваколати берилган агентликка янги раҳбар - Лазиз Тангриев тайинланганидан бир ҳафта ўтиб, Президент Мирзиёев ижод аҳли билан учрашган куннинг эртасига эълон қилинди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ўзбекистон Республикаси матбуот ва ахборот агентлигининг огоҳлантируви

Ҳажми анча катта огоҳлантирув мазмуни тўғрисида ундан олинган мана бу парча деярли тўлиқ тасаввур пайдо қилади:

“Телерадио дастурлари, матбуот саҳифаларида, асосан, Ғарб санъаткорларининг қўштирноқ ичидаги ишқий ҳаётини мунтазам ёритаётган, уларда оилавий қўнимсизлик, жуфтларнинг бир-бирига хиёнати, никоҳсиз турмуш сингари иллатларни оддий ҳол сифатида тасвирлаётган ахборот воситалари афсуски йўқ эмас”, дейилган огоҳлантирувда.

Бу фикрни далиллаш учун Агентлик “Отдохнём!” газетасини, “Келинчак” "Ҳумо" журналларини анча кенг таҳлил қилган.

"Келинчак"даги Пушкин ва енгил табиатли аёллар

Хусусан, “Келинчак” журнали Пушкиннинг ҳаётига оид материални таҳрирсиз бергани учун танбеҳ олган.

Агентлик огоҳлантирувидан парча:

“...журналда «Биз билган ва билмаган Пушкин» сарлавҳали материал чоп этилган. Унда рус шоири А.С.Пушкин ва унинг аёлларга нисбатан муносабати тасвирланиб, айрим бузуқлик, хотинбозлик, никоҳсиз турмуш ва хиёнатни тарғиб қилувчи саҳналар таҳрирсиз эълон қилинган. Жумладан: «...Шоирнинг аксарият саргузаштлари ўткинчи эди. Аммо ўртага муҳаббат аралашса борми, шоир учун маъшуқасига жисман эришиши шарт бўлар эди... Пушкин кутилмаганда жўш урадиган ҳиссиётларини табиати енгил аёллар билан қондиришга ҳам ўрганганди...”

“Келинчак”ка билдирилганга ўхшаш эътирозлар “Отдохнем!” журналига ҳам билдирилди.

Агентлик огоҳлантирувида, шунингдек, айрим ахборот воситалари муаллифлик ҳуқуқи меъёрларига риоя қилмаётгани, тил қоидаларини қўпол равишда бузаётгани тўғрисида ҳам айтилган.

Огоҳлантирувда мана бу гап ҳам бор:

“Журналдаги (“Олтин аср”) аксар мақолаларда меъёридан зиёд хушомад, мадҳу мақтовлар баён этилган, миннатдорликлар билдирилган. Ҳар бир сонида қарийб 10 дан зиёд мақолада қаҳрамонлар номидан «ҳожилик мартабасига эга бўлдим» дея ўзини ўзи мақташга эътибор қаратилган”.

Теле ва радиостанциялар ҳам гап эшитди

Сурхондарёдаги «Денов-АТР», Бухородаги «Ғиждувон-ТВ», Жиззахдаги «Жиззах ТВ2» телеканаллари, Андижондаги «Дийдор ФМ» радиоканали, «Тараққиёт» телеканалини Агентлик оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги бир неча қонунни қўпол равишда бузганликда айблаган.

Агентлик ўз огоҳлантирувини Президент Мирзиёевнинг ижодкор зиёлилар билан ўтказган учрашувида билдирган фикрларидан хулоса чиқаришга чақиради.

Огоҳлантирув олганлар нима деди?

“Отдохнем!” газетаси муҳаррири Анжеликанинг Озодликка айтишича, “Агентлик огоҳлантируви таҳририятга, ҳозирча, расман келгани йўқ”. Лекин муҳаррирнинг огоҳлантирув матнидан хабари бор.

Муҳаррир вазифасини бажарувчи этиб тайинланганига эндигина 2 ой бўлганини писанда қилган Анжеликанинг айтишича, “Отдохнем!”га билдирилган эътирозлар жуда эски материалларга асосланган, "лекин шунга қарамай, бу эътирозларни эътиборга оламиз”, деди муҳаррир.

Андижондаги “Дийдор FM” радиостанцияси директори Абдуазим Содиқжоновнинг Озодликка айтишича, радиостанция жамоаси огоҳлантирув эълон қилинганидан сўнг, 6 август, якшанба куни ўз дастурларининг мониторингини ўтказган ва Агентлик кўрсатиб ўтган барча камчиликларни тан олган.

- Реклама тўғрисидаги қонунни бузганимизни, маҳсулотни бўрттириб мақтаганимизни, маданий қадриятларимизга cодиқ қолмаган ҳолда Ғарбга ортиқча ёндошганимизни аниқладик, деди,“Дийдор FM” радиостанцияси директори Абдуазим Содиқжонов.

Агентлик танқидига учраганлар ёпиладими?

Агентлик огоҳлантирувининг тилга олинган теле ва радиостанцияларга оид абзаци якунида “мазкур оммавий ахборот воситалари фаолиятини қайта кўриб чиқиш вақти келгани” айтилган.

Хўш, бу нима дегани?

Бу саволни Озодлик Агентлик матбуот котиби Шавкат Ўруновга берди.

- Буларга (теле ва радиостанцияларга - Озодлик) тақдимномалар киритилган, агар қонун бузилиш ҳолатларига чек қўйишмаса, кейинчалик қўшимча чоралар кўрилиши мумкин.

- "Қўшимча чоралар" ичига уларни ёпиб қўйиш кирмайдими?

- Агентликнинг ахборот воситасини ёпиб қўйиш ваколати йўқ. Ёпиш тўғрисидаги қарорни суд қабул қилади, деди Агентлик матбуот котиби.

Рақсбоп тарона қўйиб бўлмайдими?

Огоҳлантирувда мана бу гап ҳам бор:

“Агентлик томонидан юборилаётган огоҳлантиришлар, тақдимномалар кор қилмаслиги, ёшларга рақсбоп тарона-ю, кўнгилочар филмларни (таъкид Озодликники) қўйиб эшиттириш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш ниқоби остида маданиятсизликни тарғиб қилиш, шаҳвоний туйғуларга эрк бериш каби ҳолатларга томошабин бўлиб қараб туриб бўлмайди, албатта”.

Шу гапдан келиб чиқиб, матбуот котибидан “рақсбоп тарона-ю, кўнгилочар филмлар” қўйиб эшиттириш мумкин эмас экан, унда қандай тарона ва қандай фильмлар қўйиб эшиттириш мумкин, деб сўрадик.

Бу саволимизга жавобан, матбуот котиби, “огоҳлантирув матнини тайёрлаган мутахассис билан гаплашиб, ярим соатдан кейин жавоб беражагини“ айтди.

Лекин ярим соатдан кейин матбуот котиби телефонни кўтармади.

Натижада яна бир саволимизни беролмай қолдик.

Огоҳлантирув матни мана бу жумла билан бошланади:

“Оммавий ахборот воситаси - жамият кўзгуси, миллатнинг юзи”.

Савол: Бу фикрда зиддият йўқми? Жамият кўзгусими ёки Миллат юзими? Қай бири?

Устидан тергов якунланган раҳбар ўрнига янгиси тайинланди

Давлат мулкини талон-тарож қилганликда айбланиб қўлга олинган Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг раҳбари Омонулло Юнусов устидан тергов якунлангани жорий йил 16 июнида маълум бўлди. Озодликка сиздирилган ҳужжатларда, “тергов давомида Юнусов агентлик ҳисобчиси Дилфуза Усмонова билан тил бириктириб, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг маблағларини талон-тарож қилгани, агентликка 229 миллион 534 минг 385 сўм миқдорида зиён етказган”и аниқлангани айтилади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қарори билан Матбуот ва ахборот агентлигига Лазиз Тангриев бош директор этиб тайинланди. Бу ҳақда 28 июлда хабар қилган маҳаллий нашрларга кўра, Лазиз Тангриев бу лавозимда 2013 йилдан буён директор бўлган Омонулла Юнусов ўрнида иш бошлаган. Тангриев бунгача Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи директори сифатида фаолият кўрсатган.