Олтиариқда ўн кунлик чақалоқ жасади топилди. Чақалоқнинг онаси қидирилмоқда

Иллюстратив сурат. Ўзбекистонда янги туғилган чақалоқни ўлдириб, ташлаб кетиш ҳолатлари илк бор қайд этилаётгани йўқ.

Фарғона вилояти Олтиариқ туманда кичик Фарғона канали бўйида янги туғилган қиз чақалоқ мурдаси топилган. Туман Ички ишлар бўлими мулозимининг Озодликка айтишича, чақалоқ ўлик ҳолда ташлаб кетилган. “Ҳозирда бола ДНКси асосида унинг онасини аниқлаш чоралари кўрилмоқда ва ушбу воқеа юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда”, - деди Озодлик билан суҳбатда Олтиариқ тумани ИИБсининг исми сир қолишини сўраган мулозими.

Воқеа гувоҳларидан бирининг Озодликка маълум қилишича¸ бола одеялога ўралган холда Олтиариқ тумани Қапчуғай қишлоғи Шарқ тонги маҳалласидаги 41-сонли мактаб ёнидан оқиб ўтувчи кичик Фарғона қанали бўйидан 2 январ куни топилган.

- 10 кунлик чақалоқ. Бўғиб ўлдириб ташлаб кетишган дейишяпти. Ҳозир маҳаллада ҳамма оёққа турган, - дейди Озодликка гапирган олтиариқликлардан бири.

Тергов доирасида Фарғона Ички ишлар бошқармаси Олтиариқ ва унга қўшни туманлардаги туғруқхоналарда ишлайдиган ва ишламайдиган дояларни сўроқ қилмоқда.

Ҳозирча жиноят мотиви ва жиноятга доир бошқа тафсилотлар Озодликка маълум эмас.

Бу Ўзбекистонда янги туғилган чақалоқни ўлдириб, ташлаб кетиш ҳолатлари илк бор қайд этилаётгани йўқ.

Икки йил аввал Сурхондарёнинг Қизириқ туманида чақалоғини бўғиб ўлдириб¸ кўлга ташлаб кетгани гумонланаётган аёл қўлга олинган эди.

Сурхондарё вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари янги туғилган боласини ўлдириб, кўлга ташлаганликда гумонланаётган аёл Қизириқ тумани Педагогика коллежининг 2-курс ўқувчиси эканини маълум қилганди.

2018 йил феврал ойида эса Наманган шаҳрининг Сардоба маҳалласидаги чиқиндихона олдига янги туғилган чақалоқ жасади қора рангли целофан пакетга солинган ҳолатда ташлаб кетилганлиги ҳақида Озодлик хабар берган эди.