Милиция майоридан яхши муомалада бўлишни сўраган икки хивалик калтакланганини айтмоқда

Хивалик 26 яшар Исломжонобод Ражапов милиция зобити ўзи ва шеригини дўппослагани ҳақида 26 март куни Озодликка шикоят қилди.

Ражапов иддаосича, 14 март куни Хиванинг “Ичан қалъа” тарихий комплекси ҳудудида ўзини Фахриддин деб таништирган милиция майоридан халқ билан яхши муомала қилишни сўрагани ортидан¸ майор ўзи ва шеригини дўппослаган.

- Шеригим билан “Ичан қалъа”да айланиб юргандик. Йўлда машиналар тўхташ белгисида тўхтамасдан ўтиб кетаяпти. Йўл четида ГАИ ходимлари қараб туришибди. “Хивада йўл ҳаракати қоидаси ўзгарганми, нега машиналар "тўхта" белгисига тўхтамайди”, деб сўраган эдик, ёнида фуқаролик кийимида бўлган Фахриддин деган милиция зобити “Бизга ақл ўргатасанми”, деб дўқ қилди. “Одамлар билан хушмуомала бўлинг, ҳаққингиз йўқ бунақа қўпол муносабатда бўлишга” дегандик, “Менга ақл ўргатасанми”, деб шеригимни ерга босиб урди. Мен видеога олишни бошлагандим, телефонимни тортиб олиб, мени ҳам урди. Кейин “Матиз” машинасига босиб, Хива шаҳар ИИБсига олиб боришди, - дейди Исломжонобод Ражапов.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Исломободжон Ражабов билан суҳбат

Ражаповнинг 24 ёшли шериги Маъмурбек Матчонов калтакланиш оқибатида жиддий жароҳат олмаганини эътироф қилди:

- Оёғимдан чалиб, ерга ётқизиб урди. Жиддий жароҳат олмадим, лекин бизнинг қўриқчиларимиз бўлган милиция ходимлари калтаклагани алам қилаяпти. Калтаклаётган пайтда дўстим видеога олганди. Мени калтаклаган Фахриддин деган опер энди телефонни очиш учун кодини сўраяпти. Биз айтмадик, чунки видеони ўчириб ташламоқчи. Прокуратура телефонимизни текширишса¸ ичида калтакланганимиз видеоси бор, - деди Маъмурбек Матчонов.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Маъмуржон Матчонов билан суҳбат

Милиция бўлимида уч соат ушлаб турилганидан сўнг қурувчи йигитлар¸ тегишли протокол тузилганидан сўнг¸ қўйиб юборилган.

15 март куни Ражабов ва Матчонов милиция ходимлари томонидан калтаклангани юзасидан туман прокуратураси ва вилоят Ички ишлар бошқармасига шикоят қилган.

Озодлик хивалик йигитлар иддаоси юзасидан муносабат сўраб¸ Хоразм вилоят Ички ишлар бошқармасига телефон қилди.

Хива шаҳар Ички ишлар бўлимининг Жиноят-қидирув инспекциясида Фахриддин исмли ходим борлигини тасдиқлаган бошқарма ходими шундай шикоят тушгани ва бу бўйича хизмат текшируви олиб борилаётганини айтди.

Милиция ходимлари билан фуқаролар ўртасидаги инцидентлар ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар берган.

Ўтган йилнинг октябр ойида Бухорода яшовчи 46 ёшли мардикор Рустам Мавлонов "милиция зобити ўзини дўппослаганидан сўнг шифохонага тушиб қолгани" ҳақида Озодликка шикоят қилган эди.

2018 йилнинг июнь ойида эса Қашқадарёнинг Китоб туманида ҳомиладор аёл милиция зобити ўзини калтаклаши оқибатида қорнидаги ҳомиласидан ажралиб қолиш хавфини бошидан кечирган ҳақида Озодликка шикоят қилганди.