Ўзбекистон Миллий университети доценти, Инновацион технологиялар маркази директор ўринбосари Мирёқуб Ҳайдаров Озодлик билан суҳбатда Олий Мажлис депутатлари учун миллий анъаналарга асосланган дресс-код жорий этиш тўғрисидаги таклифини “миллий ғурурни тиклаш зарурати” билан изоҳлади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Беқасам чакмон, духоба чопон
Доцент Мирёқуб Ҳайдаровнинг фикрича, Олий Мажлис депутатлари парламент мажлисларига европача костюм-шим кийиб, бўйнига гастук тақиб келиш ўрнига миллий кийимларда, масалан, ёзда беқасам ёки банорас чопонларда келиши керак.
- Қишдачи? – сўрадик депутатдан.
- Қишда духоба тўнда келишсин, деди доцент.
Бош кийимга оид саволимизга Мирёқуб Ҳайдаров “бу масалани депутатларнинг ўзлари ҳал қилсин”, деб жавоб берди.
- Нима учун парламент депутатининг кийими масаласи айнан ҳозир кун тартибига чиқиб қолди? Ҳар ҳолда, Сиз чиқараяпсиз кун тартибига?
- Қачондир кўтарилиши керакку, бу масала?!
- Таклифингизни қандайдир бир шаклда Олий Мажлисга ёки Президентга юбордингизми?
- Йўқ. Фақат матбуотда чиқди, деди Мирёқуб Ҳайдаров 8 январь куни podrobno.uz сайтида эълон қилинган мақоласини назарда тутиб.
Мирёқуб Ҳайдаров ўз мақоласида нима деганди?
Муаллиф ўз мақоласини келаси ўқув йилидан Ўзбекистон мактаблари ўқувчилари учун жорий этиладиган ягона форма намуналарига муносабати баёнидан бошлаган.
Мирёқуб Ҳайдаровнинг фикрича, у кўрган намуналар чиройли, лекин уларда миллий унсурлар, миллий руҳ йўқ. Муаллиф ўз мақоласи давомида Ғарб модаси глобаллашиб кетгани, ўзбеклар ҳам ана ўша глобал оқимга тушиб қолгани ҳақида фикр юритади, ўзбекларнинг миллий кийими кейинги йилларда деярли мотам кийими деб тушунилаётгани ҳақида ёзади.
Мақола муаллифининг фикрича, ўзбеклар миллийликка қайтиши лозим ва бу ишни депутатлар бошлаб бериши мумкин.
“Агар депутатларни мажлисларга махсус тасдиқланган бир хил миллий кийимда келишга мажбурловчи низом (қонуний меъёр) қабул қилинса эди, Олий Мажлиснинг кўриниши ўзгариб кетган бўлур эди. Масалан, ёз учун шоҳи чакмон, қиш учун духоба чопон жорий этилса, бу нафақат депутатлар зеҳниятининг, балки кийим стилининг аҳолининг барча қатламлари томонидан қабул қилиниши ўзгаришига таъсир қилган бўларди”, деб ёзган Мирёқуб Ҳайдаров.
Унинг фикрича, Олий Мажлис депутатлари миллий кийимга ўтгач, навбат вилоят кенгашлари депутатларига келади ва уларнинг кийимларида минтақавий ўзгачаликлар акс этади: фарғоналик депутат фарғонача кийинади, хоразмлик депутат - хоразмча ва ҳоказо.
Шундан кейин эса, Давлат туризм қўмитаси, Миллий авикомпания ва бошқа структуралар ўз ходимларига миллий колоритли кийимларни кийдиради, деган фикр акс этган мақолада.
Ўзбекистон Миллий университети доценти, Инновацион технологиялар маркази директор ўринбосари Мирёқуб Ҳайдаровни суҳбатга тортишимизга унинг мақоласини ўқиш давомида пайдо бўлган саволлар туртки бўлди.
Суҳбат давомида Мирёқуб Ҳайдаров ўз мақоласида билдирган фикрлари тўғрисида бундай деди:
- Бу бир фикр алмашинуви. Кимдир кўтаради, кимдир кўтармайди. Мана ҳозирданоқ (мақола чиқиши биланоқ – таҳр.) танқид қила бошлашди. Ҳаммага ҳам бу фикрлар ёқавермайди, деди Мирёқуб Ҳайдаров.
Мирёқуб Ҳайдаров билан Озодлик нима ҳақда гаплашди?
Суҳбат давомида Мирёқуб Ҳайдаровга уни таклиф учун танқид қилаётганлар кўнглида пайдо бўлган саволларни бердик.
Масалан:
Миллат тараққиёти, наҳотки, унинг кийимига боғлиқ?
Ўзбекистон - кўпмиллатли давлат. Депутатларга беқасам чопон кийдириб қўйиш мамлакатдаги бошқа миллат вакилларига оғир ботмайдими?
Шу ва бошқа саволлар жавобини қуйидаги аудио суҳбатда тинглайсиз:
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди