Ўзбекистон фуқароси Россияда ҳизбчиликда айбланиб, 16 йилга қамалди

Раҳмиддин Камолов

18 декабрь куни Москва округ ҳарбий суди Россияда бошпана изловчи мақомида яшаб юрган ўзбекистонлик Раҳмиддин Камоловни “Ҳизб ут-Таҳрир” ташкилотининг Москвадаги бўлимига раҳбарлик қилиб келганликда айблаб, 16 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этди.

Асли бухоролик 28 яшар Камолов, Москвадаги “Помошь-Ёрдам” инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли бўлган.

Камоловнинг адвокати Тимофей Широков суд қарорига эътироз билдирди:

- Терговчиларга кўра, Раҳмиддин гўё аввал “Ҳизб ут-Таҳрирга” қўшилган, кейин одамларни уюштирган, йиғинлар ўтказган. Иш материалларида эса аслида битта учрашув борасида ёзув бор: 2015 йилнинг июлида Рамазон ойида улар ифтор уюштириш, кўпроқ одамларни ифторларга чақириш кераклигини гапирган, холос. Суд ва айбловчилар бу ифторлар “одамларни ҳизбчиликка даъват қилишга уюштирилган”, дея хулоса чиқарган. Судда Раҳмиддиннинг ҳатто “Ҳизб” аъзоси экани борасида бирорта исбот келтирилмади, бирорта гувоҳ гапирмади, деди адвокат.

Ҳимоячи ўзбекистонлик муҳожирга берилган бундай жазони сиёсий сабаблар билан изоҳлади:

- Ҳарбий судда бундай ишларнинг деярли 100 фоизи қораловчилар ғалабаси билан якунланмоқда​. Қонунга мувофиқ суд қарори устидан апелляция шикоятини топширамиз, деди Тимофей Широков.

Адвокатнинг берган маълумотига биноан, бу иш билан боғлиқ яна бир неча марказий осиёлик ва россиялик жиноий жавобгарликка тортилган.

Таниш муҳожир ҳимоясига турган Раҳмиддин тақирбошлар томонидан пичоқланган эди.

Москва округ ҳарбий судида Озодлик сўровига Раҳмиддин Камолов иши юзасидан тафсилотлар очиқланмаслигини айтиш билан чекланишди.

Ҳарбий суд расмий вакиласи Ирина Жирнова террорчилик ишлари юзасидан маълумотлар фақат махсус сўровнома асосида очиқланишини билдирди.

- Террорчилик йўналишига эга ишлар тафсилотлари қонунга мувофиқ матбуотда чоп этилишига рухсат берилмайди. Ўзбекистон граждани устидан ҳукм кеча ўқилди – бу иш юзасидан тафсилотларни очиқлай олмайман, деди ҳарбий суд расмийси.

Суд расмий сайтида келтирилишича, 2017 йилнинг декабрида Россия Думаси террорчилик ва экстремизмда айбдор деб топилган шахсларга нисбатан жазо чораларини кескинлаштириш тўғрисида янги қонун қабул қилган. Унга мувофиқ, Россия ЖК 205.1-, 205.2- ва 361- моддалари асосида жавобгарликка тортилган шахсларга нисбатан 10 йилдан 20 йилгача ва ҳатто умрбод қамоқ жазоси тайинланиши тўғрисида ўзгартишлар жорий қилинган.

Раҳмиддин Камолов иши тарихи

2017 йилнинг мартида Раҳмиддиннинг 18 яшар укаси Илҳом Камолов Ўзбекистонда акаси борасида сўроқ қилингани тўғрисида Озодлик унинг яқин танишларига таяниб хабар берганди. Бухоро МХХ ертўласида 1 кун ушлаб турилган ва қўрқитилган Илҳом терговдан чиққанидан кейин шифохонага олиб кетилгани ва ўша ерда жон бергани айтилган.

1999 йилда туғилган Илҳом Камоловнинг 29 март куни дафн этилганини Озодлик манбалари тасдиқлаган.

2016 йилнинг 31 августида Москванинг Люблино туман суди Раҳмиддин Камоловни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш учун "асос етарли эмаслиги" сабабли ҳибсга олиш масаласини яна икки кунга қолдирган. Икки кун ўтиб Бухоро вилоят ИИБ раҳбари муовини Бўриев А. имзоси остида Ўзбекистонга Камоловни экстрадиция қилиш илтимосномаси келиб тушди ва у экстрадиция текшируви учун ҳибсга олинди.

Аммо, ҳимоячиларга кўра, 2016 йилнинг декабрида Камоловни Россиядан Ўзбекистонга бериб юбормаслик тўғрисида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг 39- регламенти қўлланилди ва унга нисбатан экстрадиция текшируви тўхтатилди.

Женевада жойлашган БМТнинг Одамларнинг зўрлик билан ва ихтиёрига хилоф равишда йўқолиши бўйича Ишчи гуруҳнинг 2016 йилги Ўзбекистон масаласида инсон ҳақлари бўйича берган йиллик ҳисоботида Раҳмиддин Камоловнинг Россиядан ўғирлаб чиқишга бўлган уриниши юзасидан хавотир билдирилган эди.

Камолов бундан уч йил олдин Москвада маҳаллий миллатчилар томонидан пичоқлаб кетилганди. Хорошевский туман суди ўзбек муҳожирини икки жойидан пичоқлаб кетган миллатчи Андрей Байдаковга икки йиллик шартли жазо тайинлаган эди.

У Ўзбекистон Конституциявий тузумига тажовуз (159- модда) ҳамда ноқонуний диний гуруҳга аъзолик (244- модда) да айбланиб Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари томонидан қидирувга берилган.

2016 йилнинг 30 августида Россия пойтахти Москвада 27 ёшли Раҳмиддин Камоловни ўғирлашга уриниш бўлгани иддао қилинади. Ўзбекистонлик қочқиннинг ҳимоячилари номаълум шахслар Камоловни Россиядан аэропорт орқали ноқонуний олиб чиқишга уринган.

Москвада Раҳмиддин Камоловнинг қарамоғида бўлган аёли ва 1 яшар боласи борлиги маълум.

"Ҳизб ут-Таҳрир", бошқа яна 13-та ташкилот билан бирга, 2003 йилда Россия Олий Суди қарори билан мамлакатда тақиқланган. Россия Федерал хавфсизлик хизмати бу радикал фирқа давлатда ўта фаол экани тўғрисида хабар бериб туради.

Шу йиллар давомида Россиянинг турли минтақаларида махсус хизматлар "Ҳизб ут-Таҳрир" ташкилотига алоқадорликда гумонлаб юзлаб одамларни ҳибсга олди ва жиноий жавобгарликка тортди.