Самарқанд шаҳридаги "Ҳунармандлар маркази"да 13 февралга ўтар кечаси рўй берган ёнғинда ўзбек рассомларининг ўнлаб асарлари ёниб кул бўлди.
Регистон майдонига яқин жойлашган, ёнғин рўй берган бино 19- асрда қурилган бўлиб, у ерда 15 дан ортиқ рассом ва ҳунармандларнинг устахоналари бўлган.
Марказдаги Чингиз Аҳмаровнинг учга икки метр катталикдаги "Баҳодир Ялангтўш" асари эса, ёнғиндан асраб қолинган. Самарқанд шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси мулозими ёнғин электр тизимидаги қисқа туташув оқибатида келиб чиққанини маълум қилди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Самарқанд Ҳунармандлар маркази ходимларидан бири Озодликка ёнғинда ўндан зиёд рассомлик ва ҳунармандлик асарлари ёнганини тасдиқлади.
- Асарларнинг айримлари ёнган, айримлари ўт ўчириш пайти вайрон этилган. Лекин, асарларнинг катта қисмини олиб чиқишга улгурдик. Чингиз Ахмаровнинг ноёб учга икки метр катталикдаги "Баҳодир Ялангтўш" асарини ҳам ёнғиндан сақлаб қолдик, - деди Ҳунармандлар марказининг Озодлик суҳбатлашган ходими.
Самарқандлик блоггер Тошпўлат Раҳматуллаев Озодлик билан суҳбатда ёнғин рўй берган Ҳунармандлар марказини бориб кўрганини айтди.
- Рассом Аҳмад Умаров устахонасининг томи пастга тушиб кетган. Улар болалари билан бориб, картиналарини олиб чиқишибди. Лекин, устахоналар ёниб кул бўлган. Рассом Тоир Шарипов асарлари ҳам ёнган. Рассомнинг ўзи оғир аҳволда касалхонага ётқизилган. Касалхонага олиб кетилар экан, рассом барча асарлари ёнганини айтди, - деди блоггер Тошпўлат Раҳматуллаев.
Самарқанд шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси 13 февралга ўтар кечаси ярим тунда рўй берган ёнғин электр тизимидаги қисқа туташув оқибатида келиб чиққанини маълум қилди.
Бошқарма хабарига кўра, ёнғин натижасида одамлар орасида қурбонлар ва жароҳатланганлар бўлмаган.
Ҳозирда ёнғин натижасида етган зарар миқдори аниқланмоқда.