"Навоийазот" корхонаси ходими ўз иш жойида осилган ҳолда топилди

Иллюстратив сурат: Ўзбекистонда айниқса мактаб, коллеж ўқувчилари орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайгани кузатилмоқда.

Навоий вилоятидаги "Навоийазот" корхонасида 701-цехнинг 38 ёшли апаратчик-муҳандиси осилган холда топилди. Корхонанинг Озодлик суҳбатлашган ходимларига кўра, икки фарзанднинг отаси Б.Т. ўтган шанба куни салник набивкадан арқон ясаб завод ҳудудида ўзини осган. Б.Т нега ўз жонига қасд қилгани маълум эмас. Вилоят прокуратураси мазкур воқеа юзасидан суриштирув олиб бормоқда.

"Навоийазот" корхонасининг ўз жонига қасд қилган ишчисининг исми-шарифи Озодликка маълум.

Лекин тергов важидан ва аҳлоқий сабабларга кўра, унинг шахсини очиқламайди.

Б.Т. нима учун ўз жонига қасд қилгани мавҳум бўлиб қолмоқда, вилоят прокуратураси бу холат бўйича тергов олиб бормоқда.

"Навоийазот" корхонасининг Озодлик суҳбатлашган раҳбар ходимларидан бири ишчининг ўлими сабабини билмаслигини айтди:

"Асбест салник набивкадан арқон ясаб осган ўзини. Шанба куни бўлди-да бу, корхонада ўша куни одам кам. Нимагалигини ўзимиз ҳам билмай қолдик. Жуда ответственний бола эди. Ҳеч ким хафа қилмаган, хафа қилдириб қўядиган бола эмас, уйида иқтисодий аҳволи яхши. Тушунмай қолдик, тўғриси", - деди исми очиқланмаслигини истаган корхона раҳбарларидан бири.

Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси мулозими "Навоийазот" корхонасида ишчи осилгани ҳолда топилгани юзасидан вилоят прокуратураси суриштирув олиб бораётганини айтди.

Сўнгги икки ой очида Озодлик мактаб, коллеж ўқувчилари ва корхона ишчиларининг ўзини осгани билан боғлиқ ўндан ортиқ ҳолатни аниқлади.

Ўзбекистонда айниқса мактаб, коллеж ўқувчилари орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайгани кузатилмоқда.

Ўтган уч ой давомида Озодликка билдирилган ана шундай ўнта воқеа ҳақида хабар берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 2017 йилнинг 22 декабрида ўтган ҳукумат йиғилишида, мамлакатда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайганини таъкидлаб, мутасадди идораларни ушбу муаммога эътибор қаратмаётганликда айблаган эди.

2019 йил феврал ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги лавозимлари рўйхатига “Ўзбекистон Республикаси Бош психиатри” ва “Ўзбекистон Республикаси Бош суицидологи” лавозимлари киритилди.

Руҳий ҳолати бузилган шахслар уларга психиатрия ёрдами кўрсатилиши вақтида бепул юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди.

Янги таҳрирдаги “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилиб, унда аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари функциялари ҳамда ваколатлари аниқ чегараланиши назарда тутилади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида дунё бўйича ҳар 40 секундда бир одамнинг ўзини ўлдириши¸ 20 одамнинг эса ўз жонига қасд қилишга уриниши айтилади.