Озодликнинг “Эркин микрофони”га мурожаат қилганлардан бирининг иддао қилишича¸ Қашқадарë вилояти Яккабоғ туман "почта бўлимидаги нақд пуллар почта раҳбарлари ва ҳокимият вакиллари томонидан талон-тарож қилинган. Оқибатда¸ кучайиб бораëтган нақд пул тақчиллиги муносабати билан Ўзбекистонда пенсия ва нафақасини нақд пулда олишга рухсат берилган ягона гуруҳ – ногирон ва ëши 80 дан ошган қариялар беш ойдан бери мутлақ пулсиз қолдирилган".
Озодликка мурожаат қилган яккабоғлик 1-гуруҳ ногирони Нурмамат Зауриевнинг яқинлари маҳаллий суд почтадан ўғирланган пулларни жойига қайтариб¸ уни ҳақиқий эгаларига бериш ҳақида ҳукм чиқарганига қарамай¸ бу қарор ижро этилмаëтганидан шикоят қилди:
- Бир миллиард сўмдан кўпроқ нафақа ва пенсия пулларини почта бошлиғи ва аввалги ҳоким биргалашиб йўқ қилиб юборишган. Суд бу пулни ундириш ва эгаларига қайтариш ҳақида ҳукм чиқарган. Лекин беш ойдан бери бу ҳукмни ижро қиладиган йўқ. Ҳокимият¸ прокуратура “кутинг¸ бўлади” дейишдан нарига ўтмаяпти. Ногирон ва қариялар қайси пул ҳисобига кун кўриши кераклигини бизга айтишсин унда¸ дейди Озодликка боғланган Зауриев яқинларидан бири.
Муҳим эслатма: 1-гуруҳ ногирони Нурмамат Зауриевнинг яқинларидан бири айтаётган бу маълумот - OzodMikrofon эшиттириши берадиган имконият доирасида айтилган гап, холос. Озодликда, ҳозирча, бу иддаонинг расмий тасдиғи йўқ.
5-ойдан бери пенсиясиз яшаëтган 1-гуруҳ ногиронининг акаси билан суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Озодлик Яккабоғ туман "почта бўлимидаги талон-тарожлик ва ижтимоий муҳофазага энг муҳтож бўлган ногирон ва қариялар тушиб қолган аянчли вазият"ни келгусида яқиндан ўрганишга ҳаракат қилади.
Бу жараëнга оид тафсилотлар Сизга маълум бўлса¸ уларни Озодлик билан ўртоқлашишингиз мумкин.