Озодлик радиоси беларус хизмати жамоатчи мухбири Андрей Кузнечикнинг яқинлари журналистнинг 10 суткалик маъмурий қамоқдан сўнг озод этилмаганини маълум қилишди. Бу ҳақда “Настояшчее время” телеканали хабар қилди.
Кузнечикнинг қамоқ муддати 5 декабрь куни тугаган, аммо у ҳанузгача ҳибсда қолмоқда. Яқинларига кўра, унинг устидан янги маъмурий иш очилган.
Кузнечик билан алоқа 25 ноябрда узилган, тез орада унинг қўлга олингани маълум бўлган. Журналистнинг квартирасида тинтув ўтказилиб, телефони ва компьютери олиб қўйилган. Ҳукуматга оид телеграм-каналлар маълумотига кўра, 26 ноябрь куни Минск суди уни “майда безорилик”да айбдор деб топиб, 10 суткага қамаган. Кузнечик айблонни тан олган эмас.
2020 йил июнида Минскда Озодлик беларус хизматининг штатдан ташқари маслаҳатчиси, блогер Игорь Лосик ҳибсга олинган эди. У ўшандан бери панжара ортида қолмоқда.
Лосик “ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларига нисбатан” ижтимоий адоват қўзғатганликда айбланяпти. Блогер 12 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
2021 йил июнида Минскда кучишлатар ходимлар Озодлик радиоси беларус хизмати офисини алғов-далғов қилишган. Ўшанда бир неча журналист ҳибсга олиниб, шаҳардан чиқиб кетмаслик шарти билан қўйиб юборилган. 3 декабрь куни Беларусь суди Озодлик беларус хизматининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини “экстремистик” деб топган.
Бугунги кунда мамлакатда ўттизга яқин журналист ва блогер ҳибсда сақланмоқда, ўнлаб ОАВ ходими хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлган.