“Panorama Airways иши”да жабрланганлар 2500 дан ортди

Panorama Airways ва Gulbakhor Airways фирмалари ўзбекистонлик зиёратчилар учун Умра сафарини ташкил этиш билан шуғуллангани маълум

Panorama Airways ва Gulbakhor Airways ширкатлари мансабдорларига оид жиноят иши судда кўрила бошлаган. Бу ҳақда Тошкент шаҳри суди раиси Эркин Хожақулов маълум қилди.

Kun.uz нашрининг суд раисига иқтибосан ёзишича, ушбу жиноят иши доирасида жабрланувчилар сони 2558 нафарни, етказилган зарар миқдори эса 25 млрд сўмни ташкил этмоқда.

Пойтахт суди раиси икки ширкатнинг фирибгарлиги ҳақида гапираркан, “аҳолининг билимсизлиги”дан ҳам баҳс этган.

Аммо телевидение ёки ижтимоий тармоқларда бу каби жиноий ишлар ҳақида хабар бериб, аҳолини огоҳликка чақирcак-да, барибир алданиб қолиш ҳолатлари учрамоқда. Бу каби ҳолатлар анчагина кўпайган. Сабаб аҳолининг билимсизлиги ва огоҳликка эътибор бермаслиги”, деган Эркин Хожақулов.

Panorama Airways ва Gulbakhor Airways фирмалари сайёҳлик хизмати кўрсатгани, хусусан, Умра сафарини ташкил этиш билан шуғуллангани маълум.

Ўзбекистонлик минглаб зиёратчи Умра сафаридан қайта олмай Саудия Арабистонида қолиб кетгани ортидан жорий йил февралида Бош прокуратура мамлакат Жиноят кодексининг 168- (фирибгарлик) ва 192−11-моддалари (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши очган ҳамда Panorama Airways раҳбарини қамоққа олган эди.

Ўшанда Ўзбекистон Туризм қўмитаси зиёратчиларнинг вақтида қайтолмагани учун масъулиятни Умра зиёратини ташкил этиш тартибини бузган хусусий компанияларга юклаган эди. Озодлик манбалари эса бу можаронинг “комплекс сабаблари борлиги”ни айтганди.