Польша президенти Беларусь билан чегарада фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисида фармон имзолади

Польша-Беларусь чегарасидаги чегарачилар ва чегарадан ўтмоқчи бўлган мигрантлар

Польша президенти Анжей Дуда Беларусь билан чегарада фавқулодда ҳолат режимини жорий этиш тўғрисидаги ҳужжатга қўл қўйди. Бу ҳақда Озодликнинг беларус хизмати хабар қилди.

Президент фармонига мувофиқ, фавқулодда ҳолат Польша-Беларусь чегарасининг бир қисми, аниқроғи, Подля ва Люблиндаги 183 та аҳоли пунктида жорий қилинади. У ерларда қатор чекловлар жорий этилиб, полиция навбатчилиги ва ҳужжат текширувлар кучайтирилади.

Бошқа ҳудудларда яшовчилар, шунингдек журналистлар ушбу аҳоли масканларига киритилмайди. Тақиққа амал қилмаганлар жаримага тортилиши ёки қамоққа олиниши мумкин. Бундан ташқари, қурол ва ўқ-дорига эгалик қилиш бўйича ҳам қатъий қоидалар жорий этилади.

Аввалроқ Польша ҳукумати Беларусь ҳудудидан Европа Иттифоқига ўтаётган мигрантлар сони кескин ортгани муносабати билан чегара ҳудудларида фавқулодда ҳолат эълон қилишни сўраб президентга мурожаат қилган эди.

Мигрантлар асосан Ироқдан ва Яқин Шарқдаги бошқа мамлакатлардан келган. Латвия, Литва ҳамда Польша расмийлари уларни Беларусь ҳукумати пул эвазига давлат сайёҳлик ширкати ёрдамида Минскка ташиб келтириб, сўнгра чегарадан ЕИ ҳудудига ўтказиб юбораётганини иддао қилмоқда.

Польша расмийларига кўра, август ойининг ўзида 3 минг нафарга яқин киши Беларусь орқали мамлакатга киришга уринган.