Путин: Москванинг хавфсизлик талаблари “эътиборга олинмаяпти”

Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин 1 февраль куни Москвага ташриф буюрган Венгрия бош вазири Виктор Орбан билан қўшма матбуот анжуманида айтди.

Украина атрофидаги кескинликни юмшатиш бўйича қизғин дипломатик саъй-ҳаракатлар манзарасида Владимир Путин Россиянинг хавфсизлик борасидаги хавотирларини Қўшма Штатлар ва НАТО эътиборсиз қолдираётганини яна бир бор иддао қилди.

1 февраль куни Путин, Кремль “АҚШ ва НАТОдан олинган ёзма жавобларни синчковлик билан таҳлил қилаётганини” маълум қилди. Бироқ “Россиянинг асосий хавотирлари аллақачон эътибордан четда қолганини” қўшимча қилди.

Путин яна шуни қўшимча қилди: “Гарчи бу осон бўлмаслигини тушунсак‑да, умид қиламанки, биз якунда масалага ечим топамиз”.

Бу Путиннинг бир неча ҳафта ичида Украина теварагида юзага келган инқироз ҳақидаги биринчи оммавий баёноти бўлди.

Россия Қўшма Штатлар ва НАТОдан Украинани ҳеч қачон блокка қўшмасликни, Россия чегаралари яқинида қурол жойлаштиришни тўхтатишни ва альянс кучларини Шарқий Европадан олиб чиқишни кафолатловчи қонуний асос талаб қилмоқда.

Қўшма Штатлар Россиянинг Украинани НАТОга қўшилишни тақиқлаш талабини рад этиб, инқироздан чиқишнинг янги “дипломатик йўли”ни таклиф қилди.

“Биз НАТОнинг шарққа кенгайиши олдини олиш, Россия чегаралари яқинида ҳарбий қуроллар жойлаштиришга чек қўйиш ва блокнинг Европадаги ҳарбий инфратузилмасини 1997 йилги ҳолатга қайтариш бўйича учта асосий талабимиз етарли даражада кўриб чиқилганини кўрмадик”, деди Путин.

“Бизнинг хавотирларимизни эътиборсиз қолдирган ҳолда, АҚШ ва НАТО давлатлари ўз хавфсизлигини қандай таъминлашни эркин танлаш ҳуқуқи ҳақида гапирмоқда, – қўшимча қилди Путин. – Бу танганинг бир томони. Иккинчи томони эса, ўз хавфсизлигини бошқаларнинг хавфсизлиги ҳисобига мустаҳкамлашга йўл қўйиб бўлмайди”, дея сўзида давом этган у.

Путин билан дўстона алоқаларни давом эттираётган Венгрия бош вазири Виктор Орбан қўшма матбуот анжуманида муроса учун имкон борлигига ишонишини айтган.

“Бугун шунга амин бўлдимки, позициялардаги мавжуд тафовутларни бартараф этувчи, тинчликни ва Россия хавфсизлигини кафолатлайдиган, шунингдек, НАТОга аъзо давлатлар учун ҳам мақбул бўлган шартномани имзолаш мумкин”, деди Орбан.

Аввалроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан телефон орқали суҳбатда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен кескинликни “зудлик билан” юмшатиш ва Россия қўшинларини Украина чегаралари яқинидан олиб чиқишга чақирган эди.

АҚШ давлат департаменти баёнотида айтилишича, Блинкен Вашингтоннинг Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги, шунингдек, барча мамлакатлар ўз ташқи сиёсати ва иттифоқчиларини ўзи танлаш ҳуқуқига содиқ қолишини яна бир бор алоҳида қайд этган.

Шу билан бирга, Блинкен “Украинага бўладиган кейинги босқин оғир оқибатларга олиб келишини таъкидлади ва Россияни дипломатик йўлдан боришга чақирди”, дейилади баёнотда.

Лавров Блинкенга Россия Ғарбдан хавфсизлик кафолатларини талаб қилишда давом этишини айтди ва “Блинкен яна бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилишга рози бўлганини” қўшимча қилди.

Киевда Британия ва Украина расмийлари Россиянинг Украинага ҳар қандай ҳарбий босқини “катта стратегик хато” бўлиши ҳақида огоҳлантирди. Иккала давлат Украина мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш учун ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

Борис Жонсон Россия армиясининг чегара яқинида кучайишини “аниқ ва мавжуд хавф” деб атаб, Россияни қўшинларини олиб чиқишга ва дипломатияни танлашга чақирди.

Украина президенти Владимир Зеленский билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўзлаган Жонсон Киев ҳар қандай ҳарбий босқинга қаршилик кўрсатишини айтди.

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон (чапда) ва Украина президенти Володимир Зеленский 1 февраль куни Киевда қўшма матбуот анжумани олдидан.

“Менимча, Россия жамоатчилигига, Россиядаги фуқароларга мурожаат қилиб, Украина армияси қарши тура олиши ҳақиқатлигини уқтириш барчамиз қила оладиган энг самарали иш бўлади”, деди Борис Жонсон.

“Украина қуролли кучларида 200 минг эркак ва аёл бор. Улар жуда қаттиқ ва мардонавор қаршилик кўрсата олади”, дея қўшимча қилди Британия бош вазири.

У Буюк Британия ҳукумати “рус армияси Украина ҳудудига қадам қўйган заҳоти кучга кирадиган” санкциялар ва бошқа чоралар устида ишлаётганини ҳам маълум қилган.

Зеленский Украина армияси мамлакат шарқида Россия томонидан қўллаб-қувватланадиган айирмачиларга қарши қарийб саккиз йиллик курашдан сўнг ўз имкониятларини сезиларли даражада яхшилагани ҳақида эслатиб ўтди.

“Ҳудудимизнинг бир қисмини эгаллаб олмоқчи бўлганлар учун ҳозир катта хавф бор. Украиналиклар ўзларини охиригача ҳимоя қилади. Руслар бизга қулоқ тутиши ва уруш ҳеч кимга керак эмаслигини тушунишлари керак”, дейди Зеленский.

У шунингдек, агарда кескинлашув бошланса, бу “фожиа” бўлишини айтиб, “уруш фақатгина Украина ва Россия ўртасида бўлмайди, Европада кенг кўламли урушга айланиб кетади”, дея таъкидлади.

Зеленский яна бир бор украиналикларни хотиржам бўлишга ва Москвани чегара яқинида жойлашган ҳарбийларини олиб чиқиб кетиб, кескинликни юмшатишга чақирди.