Путиннинг Байдендан сўраган телефон мулоқоти 30 декабрга белгиланди

АҚШ президенти Жо Байден ва Россия президенти Владимир Путин (фотоколлаж)

АҚШ президенти Жо Байден бугун, 30 декабрь куни Владимир Путин билан телефон орқали сўзлашади, гарчи икки мамлакат делегациялари Янги йил таътилидан кейиноқ хавфсизлик кафолатлари бўйича тўлақонли музокаралар олиб бориши белгиланган бўлса-да, дея хабар қилди CNN.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Эмили Ҳорн мулоқот Россия президенти сўровига кўра ўтказилишини билдирган. Унга кўра, Байден “масала Россияга алоқадор бўлса, икки мамлакат раҳбарларининг тўғридан-тўғри мулоқоти ўрнини ҳеч нарса боса олмайди” деб ҳисоблагани учун бунга рози бўлган.

Шу билан бирга, МХК вакилининг урғулашича, “Байден маъмурияти Россиянинг Украина билан чегарада ҳарбий қудратини ошираётганига қарши ҳаракатларини мувофиқлаштириш мақсадида Европадаги иттифоқчилари билан фаол фикр алмашишда давом этмоқда”.

Россия ҳукумати 17 декабрь куни хавфсизлик кафолатларига доир иккита лойиҳани эълон қилган эди. Москванинг энг асосий талаби НАТОнинг шарққа томон кенгайишни давом эттиришдан воз кечишидир.

Россия Ғарб билан муносабатлар кескин таранглашуви манзарасида ўзига хавфсизлик кафолатлари берилишини талаб қилмоқда. Ғарб мамлакатлари эса Украина билан чегара яқинида катта қўшин тўплаган Россияни ушбу мамлакатга бостириб киришга ҳозирлик кўраётганликда гумон қилади.

Оқ уй, агар Россия Украина суверенитетига дахл қилгудек бўлса, мисли кўрилмаган санкцияларга дуч келиши ҳақида огоҳлантирган. Шу билан бирга, Байден маъмурияти Россия билан музокара қилишга тайёрлигини билдирган.