Тошкентдаги Crafers қандолат фабрикаси ишчиси бир гуруҳ ишчилар номидан Ўзбекистон Меҳнат кодексида белгиланган 8 соат ўрнига 12 соатлаб ишлатилаëтганидан Озодликка шикоят қилди.
Қандолат фабрикаси вакили ишчилар белгилаб қўйилган вақт меъёридан ортиқча ишлатилаётганини тан олди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси мулозимига кўра¸ Crafers қандолат фабрикаси ишчилари касаба уюшмасига аъзо бўлмагани боис, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкони чекланган. Озодлик суҳбатлашган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мулозими “Ўзбекистон ҳудудида ҳодим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмаслигини” таъкидлади.
12 соат тик оëқда. Ҳожат 3 дақиқадан ошмасин
Озодликка шикоят қилган ва исми эфирда айтилмаслигини истаган қандолат фабрикаси ишчиси кунига 12 соатдан тик оëқда туриб ишлаëтганлигини айтаркан, бундай деди:
- 12 соат тик оёқда туриб ишлаяпман. Тушлик учун 15 дақиқа¸ кечроқ бирор нарса тамадди қилишга 10 дақиқа ажратилган. Бир кунда фақат икки марта 3 дақиқа ҳожатхонага киришга изн бор. Бу регламентни қўриқлов химати ходимлари текшириб юради. Чарчадик десак, "ëқмаса катта кўча, мингтаси ишга кираман деб турибди" деб айтди.
Озодликнинг Тошкентдаги мобил мухбири Crafers қандолат фабрикаси ишчилари қатнайдиган автобус жадвалини ўрганди.
Мобил мухбирга кўра¸ фабрика автобуси ишчиларни эрталаб ҳар куни 07:20; 07:26; 07:30 да ишга олиб келади ва 20:30; 20:35; 20:40 да қайтариб кутиш бекатига ташлаб кетади.
- Эрталаб етти яримда автобусга чиққан ишчи кечқурун тўққизларга яқин ишдан қайтмоқда¸- дейди мобил мухбир.
Шоколад фабрикаси жавоби
Ишчилар шикояти юзасидан Озодлик Crafers қандолат фабрикаси маъмурияти билан боғланди. Фабриканинг ўзини "хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш бўйича ходим", деб таништирган вакили “Ишчиларнинг ненормированний ишлаши вақтинча. Февраль ойида 3 смена жорий қилинганидан кейин муаммо барҳам топади”, деди.
2018 йил октябрь ойидан бери ўтган 4 ой давомида ишчиларнинг жорий қонунларга зид тарзда 12 соатдан ишлатишга ким буйруқ берди, деган саволни фабрика вакили очиқ қолдирди:
“Бу саволингизга ходимлар бўлими жавоб беради. Сизга унинг электрон адресини СМС қиламан”.
Ходимлар бўлими эса, Озодликка ҳеч бир шаклда изоҳ бермади.
Қонунга зид
Озодлик 16 январь куни суҳбатлашган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мулозими “Ўзбекистон ҳудудида ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмаслигини” таъкидлади:
- Меҳнат Кодексининг 115-моддасига кўра, ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати 7 соатдан, 5 кунлик иш ҳафтасида эса, 8 соатдан ортиб кетмаслиги лозим.
Касаба уюшма ҳимоясида эмас
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мулозими Ўзбекистонда ишлаëтган ишчиларнинг қонунда кафолатланган ҳуқуқларини касаба уюшмаси мунтазам ҳимоя қилишини Озодлик билан суҳбатда таъкидлади.
Бунинг ортидан Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси мулозими билан боғландик. Мулозим Crafers қандолат фабрикаси ишчилари касаба уюшмасига аъзо бўлмагани боис, уларни ҳимоя қилиш имкони йўқлигини айтди.
Президент назарига тушган фабрика
Тошкент шаҳридаги собиқ “Лак-бўёқ” заводи ўрнида ташкил этилган “Амилов” фабрикаси (кейинчалик фабрика номи Crafers дея ўзгартирилди) 2018 йилнинг 5 октябрда ишга туширилган эди. 2018 йилнинг 26 октябрида айни фабрикани бориб кўрган президент Шавкат Мирзиëев 850 киши учун иш ўрни яратилганини олқишлаган эди.
Расмий матбуотда ëзилишича¸ 32 гектарлик ҳудудда жойлашган корхона йилига 50 минг тоннага яқин қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга.