Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Қарши туман ҳокими Мақсуда Мустафоева “ўз аризаси”га кўра эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Қашқадарё вилоятида ягона ҳоким аёл бўлган Мақсуда Мустафоева бу лавозимга 2020 йилнинг 4 март куни тайинланган эди. Шундан сўнг у қатор жанжалларга аралашиб қолгани ортидан “халқ оғзига тушди”.
Жумладан, 2020 йилда суд ҳоким Мақсуда Мустафоеванинг фермер хўжаликларининг шартнома тузиш фаолиятига аралашувини ноқонуний деб топган эди.
Бундан ташқари 2021 йилда ижтимоий тармоқларда Қарши тумани ҳокимлиги саҳоват маблағларидан 100 миллион сўмини ноқонуний ўзлаштиргани танқид қилинган. Шундан сўнг 2021 йил 12 августда Мустафоевага ҳайфсан берилган.
Ўша йилнинг сентябрида Қашқадарё вилояти собиқ ҳокими Зоир Мирзаев журналистларга берган суҳбатида Мақсуда Мустафоевани ҳокимлик лавозимига тавсия қилганидан афсусда эканини айтган эди.