Қўзиқоринлар қаришни секинлатиши мумкин бўлган антиоксидантларга бойлиги аниқланди

Қўзиқоринлар (иллюстратив сурат).

Қўзиқоринлар айрим олимлар қаришни секинлатиб, соғлиқни яхшилайди, деб ишонадиган икки антиоксидантга бой эканлиги аниқланди.

Пенсильвания штати университети тадқиқотчилари қўзиқоринларда эрготионеин ҳамда глутатион антиоксидантлари кўплигини аниқлади.

Университет ходими Роберт Билман ушбу икки бирикма миқдори турли қўзиқоринда турлича эканлигини айтди.

- Биз қўзиқоринлар шубҳасиз ушбу икки антиоксидантга энг бой озуқа эканлигини, айрим турлар ушбу икки антиоксидантга ўта бой эканлигини аниқладик, - деди Билман.

Билманнинг айтишича, организм озуқа ёрдамида энергия ишлаб чиқараётиб оксидант стрессга ҳам сабаб бўлади, чунки ушбу жараён давомида айрим эркин радикаллар пайдо бўлади. Эркин радикаллар жуфти йўқ электронларга эга кислород атомлари бўлиб, улар тана ичида ўзларига жуфт қидириб айланар экан, ҳужайра, протеинлар ва ҳатто ДНКга зиён етказиши мумкин.

Организмга антиоксидантларни қайта киритиш эса оксидант стрессни озайтириши мумкин.

Тадқиқотчилар энг кенг тарқалган қўзиқоринларда эрготионеин ҳамда глутатион миқдори озроқ учрайдиган турлардагидан камроқ эканлигини, аммо бошқа егуликларга солиштирганда ушбу оксидантлар миқдори қўзиқоринларда барибир кўп эканлигини аниқлаган. Шунингдек, эрготионеинга бой қўзиқоринда глутатион миқдори ҳам кўп бўлиши аниқланган.

Билман қўзиқоринларни пишириш улардаги антиоксидантларга катта таъсир кўрсатмаслигини айтди.

Олим ушбу антиоксидантларга бой қўзиқоринларни кўпроқ истеъмол қиладиган давлатларда нейродегенератив хасталикларнинг озроқ учраши уларнинг юқорида тилга олинган фойдали жиҳатлари билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Билман келажакдаги изланишларда эрготионеин ҳамда глутатион Паркинсон хасталиги ҳамда Альцгеймер хасталиги каби нейродегенератив касалликлар хавфини озайтиришда қандай ўрин тутиши кўриб чиқилиши кераклигини қўшимча қилди.