Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида 28 октябрга ўтар кечаси анча беҳаловат кечди. Маҳаллий маъмурлар дастлаб Пенжим қишлоғида “ўқувчилар ўртасида чиққан даҳанаки жанг муштлашувга айланиб, 16 ёшли ўсмир жабрланган”ини иддао қилган эди. Аммо Озодлик жонли ёйин қилган йиғинда қишлоқ аҳолиси, айниқса ёшлар орасида “уйғур-қозоқ” этник зиддияти мавжудлиги англашилди.
ЖАНЖАЛ НИМАДАН ЧИҚДИ?
Можаро, полиция маълумотига кўра, юқори синф ўқувчиларининг даҳанаки жангидан бошланган. Ижтимоий тармоқларда ёйинланган қатор видеоларда муштлашув чоғида бир ўсмир йиқилганини ва ўрнидан турмаганини кўриш мумкин. Кейинроқ билдирилишича, у нейрожарроҳ томонидан амалиёт қилинган.
Панфилов тумани акими Талгат Умралиев Озодликнинг қозоқ хизматига ўсмир бошидан жароҳатланганини, лекин “тўрт мучаси бут”лигини ва ўзи билан шахсан учрашиб, соғлигига ишонч ҳосил қилганини айтди.
Умралиевга кўра, жабрланган бола қозоқ оиладан бўлиб, худди шу нарса “этник можаро”га олиб келган: тармоқда тез тарқалган видеоларда унинг йиқилиб, ерда ётганини кўрган одамлар бола айнан қозоқ бўлгани учун калтакланди, деган хаёлга борганлар.
Ёйинланган бошқа роликларда эса Пенжим қишлоғи аҳолисининг мол-мулкига зарар етганини кўриш мумкин. Полиция буни тасдиқлаб, “бир гуруҳ шахслар бир нечта хусусий уйнинг ва бир неча автоуловнинг ойналарини синдирган”ини билдирди.
НЕГА АЙНАН ПЕНЖИМ ҚИШЛОҒИДА ШУНДАЙ МОЖАРО БЎЛДИ?
Пенжим қишлоғи қозоқ-хитой чегарасидан 15 чақирим ичкарида бўлиб, Олмаота вилоятининг Панфилов туманига қарайди. Туман акими берган маълумотга кўра, қишлоқ округида 12 минг киши яшайди: улардан етти мингги – қозоқ, беш мингги – уйғур. Қишлоқ аҳли асосан деҳқончилик билан шуғулланади.
“Пенжим” номи уйғурча бўлиб, “катта қишлоқ” деган маънони беради. Совет даврида қишлоқда уйғурлар кўпчиликни ташкил қиларди, кейинчалик этник нисбат ўзгарган.
Туман ва округ раҳбарлари ҳамда маҳаллий полиция мудири иштирок этган йиғилишда аҳоли можаро “кеча туғилмаган”ини, “ёшлар анчадан бери миллатига қараб бўлиниб олишган”ини айтди ва ҳукумат вакилларини бағрикенглик билан сиёсат юритишга чақирди.
Озодлик, томонларни яраштириш мақсадида чақирилган ушбу йиғилишдан жонли ёйин узатди. Тармоқда тарқалган видеоларга кўра, қишлоқда хийла таранг вазият вужудга келган.
Қишлоқ оқсоқоллари аҳолини “болаларга тўғри тарбия бериш”га чақириб, маъмурият вакилларидан “ҳеч кимни жазоламасликни” илтимос қилишди, чунки бу, улар фикрича, “вазиятни бадтар чигаллаштиради”.
ҲОКИМИЯТ НИМА ҚИЛМОҚЧИ?
Қозоғистонда собиқ президент Нурсултон Назарбоев ташкил қилган ва у раҳбарлик қиладиган Қозоғистон халқи ассамблеяси (ҚХА) мавжуд. Ташкилотнинг асосий вазифаси “миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат ва фуқаролик институтларининг ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш”дан иборат.
28 октябрь куни ассамблея Пенжим воқеалари муносабати билан релиз чиқарди. Унда қишлоқликлар ўртасида адоват “бўлмаган”и ва эҳтимолий номаълум фитначилар ҳақида гап боради.
“Кеча қишлоқда маҳаллий аҳоли йиғилиб, мактаб ўқувчиларининг муштлашуви шундай оқибатларга олиб келганидан норозилигини билдирди. Айни чоғда, айрим ўсмирлар ва ёшлар фитначилар таъсирида ҳиссиётга берилиб, бир неча хусусий уй ва автоуловларнинг ойналарини синдирганлар”, дейилади ассамблея баёнотида.
Олмаота вилояти полицияси Пенжим воқеалари бўйича иккита жиноят иши очган: бирида – “Икки ёки ундан ортиқ шахснинг соғлиғига қасддан оғир зарар етказиш” (ўсмир жабрлангани юзасидан), иккинчисида эса “Бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган безорилик” (мол-мулкка зарар етказилгани юзасидан) ҳолатлари тергов қилинмоқда.
Ҳозирча ҳеч ким ҳибсга олингани йўқ.