Қозоғистондаги воқеалардан сўнг Туркманистон назоратни кучайтирди

Қозоғистондаги сўнгги тартибсизликлардан сўнг Туркманистон халқ устидан назоратни кучайтирди. Аҳоли турар жойларида полиция назорати йўлга қўйилган, шахсий телефонлар текширилмоқда.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, шу ҳафта Марв вилоятининг Марв шаҳрида эълон қилинмаган тунги комендантлик соати жорий қилинган.

"Комендантлик соати соат 21:00да бошланади. Тун бўйи кўчаларни полиция машиналари патруль қилмоқда", дейди аҳоли вакили.

Бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Полиция манбаларининг айтишича, бу Қозоғистондаги ҳукуматга қарши намойишлардан қўрқиб қолган ҳукуматнинг хавотири билан боғлиқ.

Марв аҳолисининг маълум қилишича, полиция кўчада суҳбатлашиб турганлардан тарқалишни талаб қилмоқда.

Уларнинг таъкидлашича, полиция буни "CОVID-19" тарқалиши олдини олиш учун "ижтимоий масофа" сақлаш чораси деб хаспўшлашга уринган. Ваҳоланки, соғлиқни сақлаш ходимларининг кўплари вирус юқтиргани, пандемия пайтида вафот этганлар ҳақидаги хабарларга қарамай, ҳукумат расмийлари Туркманистонда бирорта ҳам коронавирус билан касалланиш ҳолати қайд этилмаганини таъкидлаб келади.

Ашхобод кўчаларида юрган полиция ходимлари

Полиция ходимлари ёшларни тўхтатиб, уларнинг хабарлари ва алоқа рўйхатини текшириш учун мобил телефонларини тортиб олишаётганини маълум қилган аҳоли вакили. У танқидга тоқатсиз, қаттиқ назорат остидаги давлатда яшаётганини ҳисобга олиб шахси сир қолишини сўради.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари хорижда ўқийдиган ёки ишлайдиган қариндошлари бор фуқароларнинг хонадонларига тўсатдан кириб борган ва уларни хориждаги қариндошлари Туркманистон ҳукуматига қарши ҳеч қандай хабар ёки баёнот тарқатмаслиги кераклиги ҳақида огоҳлантирган.

Сўнгги пайтда ҳатто ҳукумат амалдорлари ҳам назорат остига олинди.

Марвдаги манбалардан бирининг сўзларига кўра, "давлат идоралари ходимлари, агар уларнинг фарзандлари ёки қариндошлари интернет орқали ҳукуматга қарши бирор баёнет билан чиқса, зудлик билан ишдан бўшатилиши ҳақида огоҳлантирилган".

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларнинг Озодликка айтишича, сўнгги чоралар Қозоғистондаги тартибсизликлар манзарасида жорий қилинган. Қозоғистондаги зўравонликлар Туркманистон билан чегарадош Манғистоу вилоятида ёқилғи нархи ошишига қарши намойишлар билан бошланган эди.

"Қозоғистондаги воқеалардан сўнг Туркманистон расмийлари худди шундай тартибсизликлар бизда ҳам бўлиши мумкинлигидан хавотирда", деди исми сир қолишини хоҳлаган полиция зобити.

Фаоллар ва танқидчиларни шафқатсизларча босимда ушлаб турадиган Туркманистонда ҳукуматга қарши намойишлар жуда кам учрайди.

Мамлакатда сўз эркинлиги йўқ ҳисоби. Бироқ сўнгги йилларда хориждаги туркман фаолларининг интернетда танқидий чиқишлари анчагина ортган.

Туркманистоннинг табиий газ захираларига бой бўлса‑да, аҳолининг аксарияти қашшоқликда кун кўради. Мамлакатда мавжуд чуқур илдиз отган коррупция, эркинликларнинг йўқлиги муаммолар қаторига эндиликда ишсизлик, озиқ-овқат тақчиллиги ва нархлар кўтарилиши ҳам қўшилган.

Пойтахт Ашхобод полицияси ҳукуматнинг айрим озиқ-овқат маҳсулотлари учун қатъий белгиланган нархларни бекор қилиш қароридан шикоят қилган аҳолига нисбатан кескин чоралар кўрмоқда. Буни ҳукуматнинг танқидларга мутлақо тоқат қилмаслигининг яна бир белгиси сифатида кўриш мумкин.

Полиция ходимлари Ашхободдаги давлат дўконларида субсидияланган озиқ-овқат тақчиллигидан норози бўлиб ўтган ой петицияга имзо чекканларнинг уйларига борган. Петицияга имзо чекканларнинг аксарияти пенсионерлар.

Полиция улардан бир нечтасини сўроқ қилиш учун маҳкамага олиб бориб, жиноий жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилган. Аксарият туркманларнинг тирикчилиги субсидияланган асосий турдаги озиқ-овқатларга боғланиб қолган.