Россиядан Ўзбекистонга пул жўнатмалари ҳажми ошмоқда

Россиядан Ўзбекистонга пул жўнатмалари ҳажми 2018 йилнинг биринчи уч ойида 17 фоизга ошди ва 726 миллион долларга етди. Мутахассислар буни ўзбекистонлик мигрантлар маошларининг ва сонининг ошгани билан изоҳламоқда.

Меҳнат муҳожирларининг Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари 2018 йилнинг биринчи чорагида 726 миллион долларни ташкил этди.

Россия Федерацияси Марказий Банки келтираётган статистика рақамларига кўра, бу миқдор ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда 17 фоиз кўпроқдир.

Иккинчи ўринда Тожикистон мигрантлари – улар жорий йилнинг биринчи уч ойида 487 миллион доллар миқдорида ўз юртларига маблағ жўнатганки, бу ўтган йилги кўрсаткичдан 15 фоиз кўпроқдир.

Учинчи ўринни Россияда меҳнат қилаётган Қирғизистон ватандошлари эгаллади – 434 миллион АҚШ доллари (ўсиш 9 фоизга).

Шунингдек, Россия Марказий Банки келтираётган рақамлардан 2018 йилнинг биринчи чорагида Қозоғистонга 143 миллион доллар, Туркманистонга эса 200 минг доллар (2017 йилнинг январ-апрел ойларида туркманлар 1 миллион доллар жўнатгани қайдга олинган) юборилгани маълум бўлди.

Таниқли россиялик олим, этнолог Сергей Абашиннинг Озодликка билдирган фикрича, бу рақамлар меҳнат муҳожирлари маошларининг кўтарилгани билан бирга улар сонининг ҳам кескин кўпайиб бораётганидан даракдир.

- Бу жуда катта ўсиш ва у Россияда оз бўлсада иқтисодий вазият изга тушаётганини кўрсатмоқда. Шунга яраша пул жўнатмаларининг асосий қисмини ташкил қилувчи меҳнат мигрантлари иш ҳақлари ҳам ошаётганидан дарак бермоқда. Нафақат маошлар - мигрантлар сони ҳам кўпаймоқда. Яъни пул ўтказмалари ҳажмининг ошиши мана шу асосий икки факторга таянади.

Катта ўсиш кўрсатаётган Ўзбекистон иқтисодиёти ҳозирча ўзида мавжуд ишчи кучини тўлиқ юқори ҳақ тшланадиган иш билан таъминлай олиш қурбига эга эмас, афсуски. Шу боис ортиқча ишчи кучи Россияга бораверади. Яъни Россиядаги иқтисодий жонланишнинг асосий кўрсаткичларидан бири – миграция кўрсаткичларининг ошишидир. Яқин келажакда жиддий бўҳрон ёки бошқа ғайриоддий ҳодиса юз бермаса, оз миқдорда мигрантлар вазиятининг яхшиланишини кутса бўлади, дея тахмин қилди Сергей Абашин.

2017 йил давомида Россиядан Ўзбекистонга 3,9 миллиард, Тожикистонга – 2,5 миллиард, Қирғизистонга эса 2,2 миллиард доллардан ортиқ маблағ ҳажмида пул ўтказмалари амалга оширилган.

Расмий ҳисоб-китобларга кўра, бугунда Россияда 2 миллионга яқин Ўзбекистон ватандошлари меҳнат қилиб келмоқда.