Россия Германиянинг икки дипломатини "персона нон-грата" - исталмаган шахс деб эълон қилди

Германиянинг Москвадаги элчихонаси.

Берлин икки рус дипломатини мамлакатдан бадарға қилганига жавобан Россия Германиянинг Москвадаги элчихонаси дипломатларидан икки нафарини "персона нон-грата" деб эълон қилди ва Россияни тарк этишни талаб этди.Бу ҳақда 20 декабрь куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

15 декабрь куни Германия ҳукумати мамлакат ҳудудида бошпана топган собиқ чечен дала қўмондони Зелимхан Хангошвилини ўлдирганликда айбланган Россия фуқаросига суд ҳукми ўқилгани ортидан Москванинг икки дипломатини бадарға қилган эди.

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Россия Хангошвилини ўлдиришга аралашгани ортидан немис қонунлари ва суверенитетига даҳл қилгани тўғрисида баёнот берган.

Собиқ чечен дала қўмондони Хангошвили кейинроқ Грузия махсус хизматлари билан ҳамкорлик қила бошлаган. 40 ёшли Зелимхан Хангошвили 2019 йилнинг 23 августида Берлинда ўлдириб кетилган эди.

Унинг қотили сифатида Вадим Соколов номига расмийлаштирилган Россия паспортига эга бўлган шахс қўлга олинган. Кейинроқ унинг ҳақиқий исми Вадим Красиков экани маълум бўлди.

Bellingcat журналистик суриштирувлар гуруҳи Хангошвилининг ўлдирилиши Россия Федерал хавфсизлик хизмати томонидан уюштирилгани тўғрисида хабар берган.

Россия президенти Владимир Путин Хангошвилини "қонхўр, разил” деб сифатлаган ва унинг ўлимига Москва алоқадор эмаслигини айтган.