Россия Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилотига (КҚТТ) аъзо 45 мамлакатнинг мухолифатчи Алексей Навальний заҳарланиши билан боғлиқ вазиятга оид сўровига жавоб қайтарди. Бу ҳақда Россиянинг ташкилотдаги доимий вакили Александр Шульгин ТАСС агентлигига маълум қилган.
Мулозимга кўра, Москва Германия, Франция, Швеция мамлакатларига, шунингдек КҚТТ техник котибиятига бу масалада ўз сўровини ҳам йўллаган. Бошқа тафсилотлар очиқланган эмас.
Бир гуруҳ мамлакатлар мухолифатчи Алексей Навальнийнинг ўтган йил ёзда заҳарланиши бўйича суриштирув важидан расмий саволлар билан Россияга мурожаат қилгани ҳақида 5 октябрь куни маълум бўлган эди. Россиядан, хусусан, унинг ҳудудида кимёвий қурол қўлланганига нисбатан қандай чоралар кўрганини баён қилиш сўралган.
2020 йил 20 август куни Навальний Томскдан Москвага учган. Парвоз чоғида сиёсатчининг тоби қочган ва учоқ Омск шаҳрига фавқулодда қўндирилган. У ерда Навальний беҳуш ҳолда шаҳар касалхонасига ётқизилган. Бир қанча вақтдан сўнг Германиядан учоқ етиб келиб, оғир аҳволдаги Навальнийни Берлин шифохонасига етказган. 2 сентябрь куни Германия расмийлари Навальний “Новичок” гуруҳига мансуб заҳарли модда билан заҳарланганини маълум қилишган. Ушбу маълумотни кейинроқ Европадаги бир неча мустақил лаборатория тасдиқлаган.
Москва мухолифатчининг Россияда заҳарланганини рад этиб келади. Россиянинг КҚТТдаги вакиллари Навальний даволанган Германия расмийлари Бош прокуратура саволларига жавоб бермаётганини бир неча бор иддао қилганлар. Москва КҚТТ техник котибиятини ҳам нохолисликда айблаб келади.