Россия: Кузбассдаги шахтада қурбон бўлган кишилар сони 52 нафарга етди

Россия ФВВ вакиллари Белово шаҳрилани "Листвяжная" шахтаси ҳудудида

Кемерово вилоятидаги “Листвяжная” кўмир шахтасида юз берган авария оқибатида 52 киши, жумладан 6 нафар қутқарувчи нобуд бўлди. Бу ҳақда вилоят губернатори Сергей Цивилёв маълум қилган. Шунингдек, 38 нафар кончи ва 11 қутқарувчи касалхонага ётқизилган.

“Шахтада ҳеч ким тирик қолмади. 52 киши ўлди, қутқарувчилар ҳам”, деган шахта жойлашган ҳудуддаги Беловский шаҳар округи маъмурияти вакили. Мулозимга кўра, кончилар ис газидан бўғилиб ўлганлар.

ТАСС манбасига кўра, 25 ноябрь куни “Листвяжная” шахтаси вентиляция йўлида кўмир чанги оловланиши натижасида тутун чиқиб, бутун шахтага тарқалган. Ўша куни бош прокурор ўринбосари Д.Демешин ҳалокат метан гази портлаши оқибатида юз берган бўлиши мумкинлигини билдирган.

Тергов қўмитаси таҳликали ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги талабларининг бузилишига доир модда бўйича жиноят иши қўзғатиб, шахта директори, унинг биринчи ўринбосари ва участка бошлиғини ҳибсга олган.

2021 йилда “Ростехнадзор” минтақавий бошқармаси “Листвяжная” шахтасида, хусусан, вентиляция ва ёнғинга қарши тизимларда қарийб 140 та қоидабузарлик мавжудлигини аниқлаган, дея хабар берди ТАСС.

“Сибирь.Реалии”нинг ёзишича, 2020 йилда айни шахтада саноат хавфсизлигига оид 18 та жиддий камчилик аниқланган, аммо назорат органи улар бартараф этилган-этилмаганини текширмаган.