Москва область, Серпухово шаҳрида ўлдириб кетилган беш ёшли тожик қизи Ҳувайдо Тиллозоданинг жасади 25 июль куни эрталаб “Тожик Эйр” авиакомпанияси рейси билан Москвадан Душанбега олиб келинди ва шу куниёқ Кўлобда дафн этилди.
Қизчани вахшийларча бўғиб, пичоқлаб ва зўрлаб ўлдирганликда гумонланаётган серпуховолик 27 яшар Александр Сёмин шаҳар суди қарори билан 2 ойга ҳибсга олинди.
“Боланинг жасади спорт сумкасида топилди...”
Тожикистонлик муҳожирлар фарзанди Ҳувайдо уч кун муқаддам Серпухово шаҳридаги Тяговая кўчасида жойлашган 2 қаватли уйлар ҳовлисидаги болалар майдончасида ўйнаётган жойидан якшанба, 22 июль, кундуз соат 4:30-ларда бирдан йўқолиб қолди.
Бутун маҳалла аҳли, полиция, МЧС ва кўнгиллилар ташкилотлари йўқолган бола қидирувига қўшилди.
Тонгги соат 4 ларда Ҳувайдонинг отасига терговчилар келиб, машъум хабарни етказишади: Ҳувайдонинг танаси спорт сумкасида темир йўл ёқасидаги ўрмонзорда топилган.
Тожикистонликларнинг Серпухово туманидаги диаспораси раҳбари Дилшод Озодлик билан суҳбатда қидирув тонггача давом этганини айтиб берди:
- Ҳувайдо ҳеч қачон шу майдончадан узоққа кетмаган. Бу шаҳарчамизда 10 йилда бир содир бўладиган даҳшатли ҳодисадир. 11 йилдан бери бу ерда яшаётган бўлсам – биринчи маротаба бунақасини учратяпман, деди диаспора бошлиғи.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Полиция хабарига кўра, қотилликда гумон қилиниб Саидовлар билан қўшни уйда яшаб келган 27 ёшли Александр Сёмин ҳибсга олинган.
Терговчилар унинг уйидан қиз бола кийимлари қолдиқлари ва бармоқ изларини топишган.
Сёмин сумка кўтариб ўрмон томон кетаётгани ва сумкасиз ортга қайтаётгани тасвири маҳаллий мактаб видеокамерасида акс этиб қолган. Аниқланишича, бу шахс муқаддам икки маротаба 12 яшар қизларга тажовуз қилиб кўрган, аммо маҳаллий полиция уни “суҳбат ўтказиб” қўйиб юборган.
Озодликка тақдим этилган Тергов материалларидан Ҳувайдо аввал бўғиб ўлдирилгани, зўрлангани ва кейин бир марта қорнига пичоқ урилгани маълум бўлди. Серпуховоликлар Озодлик мухбирларига Сёмин бола мурдаси солинган катта сумкани кўтариб кетаётганида ўрмонзорда бир дайдига учраб қолгани ва сумкани ташлаб, қочиб кетганини айтиб берди.
Айбланувчи 2 ойга қамоққа олинди
24 июль куни Серпухово шаҳар суди ёпиқ эшиклар ортида қотилликда гумонланувчи Александр Сёминни ҳибсга олиш масаласи кўриб чиқди.
Суд гумон қилинаётган шахснинг болаларга жинсий тажовуз билан боғлиқ бошқа яна икки жиноятга алоқадорлиги ўрганилаётганини ҳисобга олиб, Александр Сёминни 2 ойга ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди.
- Маҳкама давомида терговчи ҳодиса жойини кўздан кечириб, у ердан топилган буюмлар, кўриб чиқилган видеоёзув ва ашёвий далиллар Сёминнинг бу жиноятга алоқадорлигини исботлаш учун етарли деб ҳисоблашини билдирди. Сёмин ўзининг бу жиноятга алоқаси йўқлигини айтди. Тақдим этилган материалларни ўрганиб ва хулосаларни тинглаб, суд Сёмин айбланаётган бу жиноятнинг ўта оғирлигини ҳисобга олиб, дастлабки тергов даъвосини қондиришга ва Сёмин Александр Игоревични мазкур жиноий иш юзасидан 2 ойга, яъни 2018 йилнинг 22 сентябргача ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди, деди Серпухов шаҳар суди ҳаками.
Россия Тергов қўмитаси бу ҳодисадан олдин Александр Сёминга нисбатан маҳаллийларнинг арз-шикоятларини қабул қилмаган полиция ходимларига нисбатан ҳам суриштирув ишларини бошлаганини маълум қилди.
5 яшар Ҳувайдо Кўлобда дафн этилди
Суд қарори чиққанидан бир неча соат ўтиб, тунги соат 12 ларда 5 яшар Ҳувайдо Тиллозода тобутда Тожикистонга юборилди.
Ҳувайдонинг жасадини Душанбега унинг ота-онаси, шунингдек, Тожикистон меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазирлиги вакиллари олиб келишди.
Ҳувайдонинг отаси Абдусалом Саидовнинг айтишича, у бир ҳафтадан сўнг қизининг қотилига энг оғир жазо тайинланишига эришиш учун Россияга қайтиб келади.
Озодлик билан суҳбатда қизнинг отаси дўконга чиққани, турмуш ўртоғи эса кенжа қизи нима қилаётганини кўриш учун бир неча дақиқага узоқлашган пайтда катта фарзанди ўғирлаб кетилганини айтди.
- Энг ақлли қизчам эди – мен уни йўқотиб қўйдим. «Папа, менга музқаймоқ олиб беринг” – бу унинг охирги сўзлари эди. Ўша пайт тахминан кечки 5 лар эди. Қизимни 5-10 дақиқа ичида ўғирлаб кетишди... Унинг жасадини эрталаб соат 4 да топишди”, Камерадан кўришибди – аниқ шу одам экан. Жавоб берсин – умрбод қамалсин! Мен болани кўмиб, ортга қайтаман. Мен ўни қамоққа олишлари, суд қандай бораётганини ўз кўзим билан кўришим керак, деди Абдусалом Саидов.
Ҳувайдонинг жасади машинада Душанбедан Кўлоб шаҳрига келтирилди. Дафн маросими 25 июль куни Кўлобдаги Шамсиддин Шоҳин маҳалласи қабристонида бўлиб ўтди.
Россиянинг айрим оммавий ахборот воситаларида ҳеч қаерда ишламайдиган ва ота-онаси қарамоғида бўлган 27 яшар Александр Сёмин “руҳий ҳасталиги” ва “кичиклигида олинган руҳий жароҳати” тўғрисида жар сола бошлади.
Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги 5 яшар Ҳувайдо Тиллозоданинг Серпухово шаҳрида ваҳшийларча ўлдирилиши муносабати билан 24 июль куни нота берди.
Тожикистон ташқи сиёсат идорасининг мазкур нотасида Россия Федерацияси тегишли органлари болага нисбатан қилинган ушбу ваҳшиёна жиноятни синчиклаб текшириб чиқишга чақирилган ва бу шафқатсиз қилмишни амалга оширган жиноятчига оғир жазо тайинлаш талаб қилинган.
Россия Ички ишлар вазирлиги эълон қилган маълумотга биноан, ҳар йили биргина Москва шаҳрининг ўзида болалар йўқолгани борасида 1300 яқин ариза келиб тушади.
Бутун Россия бўйлаб бир йилда йўқолаётган 3 мингдан зиёд боладан 10 фоизи дом-дараксиз қолиб кетмоқда.