Москвадаги савдо марказлари яқинида кўчада намоз ўқиган 30 га яқин меҳнат муҳожири маъмурий жавобгарликка тортилди. Полиция намоз ўқиган муҳожирларни “митинг” уюштирганликда айблади.
Россия пойтахтининг Люблино мавзесида жойлашган йирик “Москва” савдо-ярмарка комплексининг 13- эшиги олдида намоз ўқиган 27 нафар марказий осиёлик муҳожир полиция томонидан ҳибсга олинди.
Маҳаллий нашрлар ушланганлар Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркия ва икки нафари Россия граждани экани тўғрисида хабар қилди. Кейинроқ икки нафар россияликдан ташқари қолган 25 меҳнат муҳожири Россия Маъмурий ҳуқуқбузарликлар кодексининг 20.2- моддаси, 5- қисми асосида, яъни “митинг, намойиш, юриш ёки пикет уюштириш тартиб қоидаларини бузганликда” айбланди.
Муҳожирларни ҳибсга олган ва жавобгарликка тортган Москванинг Жануби-шарқий округи бўйича Ички ишлар бошқармасида Озодлик сўровига бу ҳодиса борасида маълумотга эга эмасликлари ва расмий хат билан мурожаат қилишни сўрашди.
- Хато қилмасам, “Московская газета”да аллақандай “манбага” иқтибослар берилган. Бизга ҳозирча бундай маълумот келиб тушмаган. Шу боис муҳожирлар намоз ўқигани учун жавобгарликка тортилганини на тасдиқлай, на инкор эта оламан, деди ўзини таништирмаган ЮВАО полиция бошқармаси навбатчи офицери.
Бироқ, Озодлик ўз манбаларидан 25 кишининг намоз ўқигани митингга тенглаштирилишидан ташқари, полиция 5 нафар ўзбек ва тожик мигрантини Россия ҳудудида яшаш қоидаларини бузгани учун жавобгарликка тортганини аниқлади.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Каримжон Ёров Озодликка намоз ўқиган шахслар билан шахсан суҳбатлашгани ва уларнинг ҳаммаси жаримага тортилганини тасдиқлаб, деди:
- Вазият шундай юзага келди: одамлар илгари бозор ичкарисида жамланиб, намоз ўқиб келишган. Аммо яқиндан бошлаб раҳбарият бозор ичкарисида намоз ўқишни тақиқлаб қўйибди. Натижада одамлар ҳар жойда намоз ўқишни бошлашибди. Шу сабабли, буни кўриб маҳаллийлар томонидан чақиртирилган полиция уларни ўтган йилда қабул қилинган “митинг” тўғрисидаги қонун асосида жавобгарликка тортди. Бу қонунга биноан, масжид ё черков ташқарисида диндорлар томонидан уюштирилган ҳар қандай жамоавий ҳаракатлар – намоз, маърака – “митинг”га тенглаштирилади. Бироқ, мени христиан черкови вакилларининг “хоч юришлари” ва бошқа оммавий чиқишларига маҳаллий полиция индамайдию, оддий намозхонларни жавобгарликка тортаётгани ажаблантираяпти! Яқингача бунчалик эмас эди: мусулмонлар бемалол, ҳатто метрода намозларини адо этиб кетаверардилар.
Суҳбатдош йирик аэропорт ва вокзалларда намозхоналар бўла туриб, ишчилари асосан мусулмонлар бўлган “Москва”дек улкан бозорларда ибодатхоналар ташкил қилишга рухсат берилмаётганидан таажжубланди.
Каримжон Ёров, шунингдек, ҳар бир қадамда Москвада черковлар мавжудлиги, аммо талаб катта бўлган намозхоналар йўқлиги ҳам полицияга қўл келаётганини эслатди.
Ҳуқуқ фаоли намоз ўқиётганида ушланган шахсларнинг кейинги тақдирига оид ҳам изоҳ берди:
- Беш киши миграция қонунчилигини бузгани учун 2 мингдан 5 минг рублгача жаримага тортилди. Қолган 25 киши “стихияли митинг” уюштиргани учун суд томонидан 10 минг рублдан жаримага тортилди. Полиция кимнингдир қўнғироғидан кейин келгани ҳам аниқланди. Бозор раҳбарияти буни “кўриб қўйинг – биз ташқарида ҳам намоз ўқийверамиз” қабилида қабул қилиб, жаҳл қилган бўлиши мумкинлигини айтишмоқда. Жамоат жойида намоз ўқилишининг “митингга” тенглаштирилиши бундан буён жуда ёмон оқибатларга олиб келиши - ҳар қандай мусулмонлар йиғини вазиятга қараб “қонунга хилоф” дея таърифланиши мумкинлигига имкон яратилди, - деб хулоса қилди ҳуқуқ фаоли.